Сўнгги вақтларда интернет ва ижтимоий тармоқларда фуқароларни хорижий давлатларга ишга юбораётган турли консалтинг компаниялари ва воситачилар реклама қилмоқда. Афсуски, кўплаб ҳолатларда бундай хизматлар ноқонуний бўлиб, улар орқали чет элга чиққан фуқаролар алдов қурбони бўлиб, оғир аҳволга тушиб қолмоқда.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан бундай ноқонуний фаолият юритаётган шахс ва ташкилотларга нисбатан тегишли чоралар кўрилмоқда. Шу билан бирга, расмий лицензияга эга бўлган 18 та хусусий бандлик агентликлари рўйхати эълон қилинган. (https://t.me/RaqobatGovUz/10615)
Лицензияга эга бўлмаган шахс ёки компаниялар томонидан хорижда ишга жойлаштириш хизматларини таклиф этиш тақиқланган. Аммо амалда фуқароларни катта пул эвазига ишга юбораман, деб ваъда бериб, хизмат кўрсатмасдан уларни чув туширадиган ноқонуний воситачилар ҳамон учраб турибди.
Шу муносабат билан, хорижда ишлаш ниятида бўлган фуқароларимиздан қуйидагиларга эътиборли бўлишлари сўралади:
Иш берувчи ёки воситачининг ҳуқуқий мақоми ва ишончлилигини албатта текширинг.
Таклиф этилаётган иш шартлари билан (юзма-юз ёки онлайн) ёзма меҳнат шартномаси орқали танишиб чиқинг.
Шартнома тузишдан олдин имкони бўлса, юрист маслаҳатидан фойдаланинг.
Шубҳали ва ҳужжатсиз таклифлардан қатъий воз кечинг.
Ҳурматли истеъмолчилар, Сиздан ҳар қандай шахслар ёки тадбиркорлик субъектлари томонидан чет элга ишга юбориш бўйича билдириладиган асоссиз таклифларга алданиб қолмаслик, ҳуқуқий саводли бўлишни, шартноманинг бандларини чуқур ўрганишни сўраб қоламиз.
Шунингдек, хорижий давлатларга қонуний тартибда ишлаш учун бормоқчи бўлган ватандошларимиз электрон платформадан (https://xorijdaish.uz/) зарур маълумотларни олиш мумкин.