Хоразм вилоятида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш ишлари давом эттирилмоқда
Маълумки, Ўзбекистон Республикасида аҳолини, шунингдек, қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш ишлари 2026 йил 15 январдан бошлаб ўтказилмоқда. Мазкур тадбирдан кўзланган мақсад аҳоли таркибининг ҳолати ва ривожланиш динамикаси ҳақида маълумотлар тўпланиб, таҳлил қилинади сўнгра улар асосида мамлакатда аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий устувор йўналишлар бўйича давлат сиёсати белгиланади ва уларни амалга ошириш учун қарорлар қабул қилинади.
Рақобат қўмитаси раҳбарияти бошчилигидаги ишчи гуруҳ ҳам ўзига бириктирилган ҳудудларда рўйхатга олиш тадбирларида фаол иштирок этмоқда.
Хусусан, Ишчи гуруҳ томонидан Хоразм вилоятидаги туман ва шаҳар ҳокимликларида ўрганишлар ўтказилиб, ушбу жараённинг муҳимлиги ва унда мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш бўйича тушунчалар берилди.
Ташрифлар давомида Шовот, Тупроққалъа ва Хива туманлари ҳамда Урганч шаҳар ҳокимликларида ташкил этилган штаблар фаолиятининг иш жараёнлари ўрганилди.
Шу билан бир қаторда, мазкур туман ва шаҳарларнинг тиббиёт бирлашмалари, мактабгача ва мактаб таълими ҳамда туман ободонлаштириш бўлимларида ҳам бу борада амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди.
Шунингдек, хонадонлари сони кўп бўлган 10 га яқин маҳалла фуқаролар йиғинида, маҳалла еттилиги томонидан аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олишда амалга оширилаётган ишлар ўрганилди.
Ўрганишларда бу борада вужудга келаётган камчиликлар жойида бартараф этилди. Тадбирнинг биринчи босқичида режалаштирилган ишларни белгиланган муддатларда амалга оширилишини таъминлаш юзасидан тегишли ходимларга тушунтиришлар берилди. Ҳудудларда бу борадаги ишлар давом эттирилмоқда.








