Хоразм вилоятида 160 мингга яқин истеъмолчидан 230 миллион сўмдан ортиқ асоссиз маблағ олган тиббиёт бирлашмаларига нисбатан тегишли таъсир чоралари кўрилди
Рақобат қўмитаси Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан тиббиёт муассасалари ва тиббиёт бирлашмалари томонидан пуллик тиббий хизматларни кўрсатиш жараёнида “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун ҳамда тегишли қонуности ҳужжатлари талабларига амал қилиниши юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганишлар давомида 2023–2024 йиллар ҳамда 2025 йилнинг 1 июлига қадар давр учун қуйидаги ҳолатлар аниқланди:
Янгибозор туман тиббиёт бирлашмаси томонидан 39 мингга яқин истеъмолчига жами 2 млрд сўмга яқин пуллик тиббий хизмат кўрсатилган.
Гурлан туман тиббиёт бирлашмаси томонидан эса 120 минг нафарга яқин истеъмолчига жами 3 млрд сўмга яқин пуллик тиббий хизмат кўрсатилган.
Шу билан бирга, мазкур тиббиёт бирлашмалари томонидан пуллик хизматлар кўрсатиш жараёнида қатор қонунбузилиш ҳолатлари йўл қўйилгани аниқланди.
Жумладан:
🔘истеъмолчиларга тақдим этилган хизматлар нархига қўшимча солиқлар қўшилгани;
🔘беморлар томонидан амалда фойдаланилмаган дори-дармон ва тиббий буюмлар нархлари ҳам умумий хизмат нархига қўшиб юборилгани маълум бўлди.
Натижада, 160 мингга яқин истеъмолчидан 230 миллион сўмдан ортиқ ортиқча маблағ ундирилгани аниқланди.
Аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан ҳудудий бошқарманинг Махсус комиссияси томонидан Янгибозор ва Гурлан туман тиббиёт бирлашмаларига нисбатан “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилиш аломатлари юзасидан иш қўзғатилиб, мазкур тиббиёт бирлашмаларига:
🔘истеъмолчилардан олинган 230 миллион сўмдан ортиқ маблағларни қайтариш,
🔘келгусида бундай ҳуқуқбузарликларга йўл қўймаслик мақсадида қонун талабларига қатъий риоя этиш ҳақида бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди.








