Ижтимоий тармоқда “HUMANS сим картасини харид қилдим, улар менга ҳисобингиздаги пулни бошқа картага сура оласиз виза картага ариза берсангиз бас деган эди, ҳисобимга 1 миллион сўм солдим ва ариза бердим. Мана орадан 2 ҳафта ҳам ўтди лекин HUMANS компанияси мени 1 миллион сўм пулимни қайтариб беришмаяпти, операторлар эса ҳеч нарсани билмаяпти…” мавзусида фуқародан пост қолдирилган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур мурожаат юзасидан қуйидагиларни билдиради.
Маълумки, бугунги кунда Марказий банкнинг тегишли қарори билан “Maroqand” АЖ тўлов ташкилоти томонидан тақиқланган хизматлар (қимор ўйинлар) учун тўловларни амалга оширишга йўл қўйиб келганлиги сабабли, мазкур ташкилотнинг электрон шаклдаги тўловларга ишлов бериш ва тўлов воситаларидан фойдаланилган ҳолда пул маблағларини жисмоний шахсларга ўтказиш учун зарур ахборотни банкка бериш ҳамда банк ҳисобварағидан фойдаланган ҳолда тўловларни қабул қилиш ва амалга ошириш хизматлари 6 ой муддатга чекланган (https://cbu.uz/oz/press_center/news/1893933/).
Ўз навбатида, “Maroqand” АЖнинг тўловларни қабул қилиш ва амалга ошириш хизматларининг чекланиши бошқа ҳамкор субъектлар фаолиятига ҳам таъсир қилмоқда.
Хусусан, “HUMANS” МЧЖ томонидан тақдим этиладиган айрим молиявий хизматлар “Maroqand” АЖ тўлов ташкилоти томонидан кўрсатилиб, молиявий инструментлардан ва ўз маблағларидан фойдаланишда муаммолар юзага келаётганлиги тўғрисида истеъмолчилардан кўплаб мурожаатлар келиб тушмоқда.
Мазкур мурожаатларга кўра, HUMANS мобил иловаси орқали тўловлар амалга оширилмаётганлиги ва HUMANS ҳисобига ўтказилган маблағларни бошқариш (ечиб олиш, ўтказиш, тўлаш) тўхтатиб қўйилганлиги каби муаммолар мавжудлиги билдирилмоқда.
Жумладан, Андижон вилоятида яшовчи фуқаро Ҳ.М.нинг ижтимоий тармоқларда жойлаштирган ахборотида HUMANS VISA карталаридан фойдаланиш билан боғлиқ муаммолар юзага келаётганлиги, картадаги 1 млн сўм маблағ қайтариб берилмаётганлигини билдириб, камчиликларни бартараф этишда ва тегишли чора кўришда ёрдам сўраган.
“Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 21-моддасига мувофиқ, Марказий банк тўлов тизимларининг самарали, ишончли ва хавфсиз ишлашини таъминлаш мақсадида уларнинг Ўзбекистон ҳудудида ушбу Қонунга мувофиқ тартибга солинишини амалга оширади.
“Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддасига мувофиқ, ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шартлиги белгиланган.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, Рақобат қўмитаси истеъмолчиларнинг номуайян доираси ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида мурожаатларда кўрсатилган ҳолатларни ўрганиб чиқишда ва “HUMANS” МЧЖ молиявий хизматларидан фойдаланишда истеъмолчилар олдида юзага келаётган муаммоларни бартараф этишда амалий ёрдам кўрсатишни сўраб Ўзбекистон Республикаси Марказий банкига мурожаат қилинганлигини билдиради.