Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитасининг вакиллари Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) томонидан Сеул шаҳрида (Корея Республикаси) ташкил этилган ва жорий йилнинг 21 майидан 3 июнь кунига қадар давом этадиган халқаро тажриба алмашинув дастурида иштирок этишмоқда.
“Рақобат қонунчилиги ва бозор иқтисодиётини ривожлантириш” деб номланган ушбу дастурда Ўзбекистон билан биргаликда Озарбайжон, Қирғизистон ва Қозоғистон давлатлари вакиллари ҳам қатнашмоқда.
Мазкур дастурни ташкиллаштиришдан кўзл анган асосий мақсад иштирокчи давлатларнинг рақобат қонунчилиги ва бозор иқтисодиётини ўзаро тажриба алмашинувлар ва самарали ҳамкорлик асосида янада ривожлантиришдан иборат. Шунинг билан бир қаторда Корея Республикасининг илғор тажрибаси, соҳада эришилган ютуқлари билан иштирокчиларни таништириш ва уларга Кореянинг муваффақиятли тажрибасини ўз мамлакатларида самарали жорий этишда кўмаклашишдир.
Ушбу халқаро дастурнинг дастлабки икки кунида Қўмита вакиллари томонидан Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий ютуқлари, рақобат қонунчилиги ҳақида тақдимотлар ташкил этилди. Тақдимотларда мамлакатда амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар ва ҳал этилиши долзарб бўлган муаммолар ҳақида батафсил ҳисобот бериб ўтилди.
Тақдимот якунида бошқа иштирокчи давлатлар вакиллари томонидан эришилган ютуқлар эътироф этилди ҳамда улар томонидан Қўмита фаолиятида жорий этилган янги лойиҳаларга юқори қизиқиш билдирилди.
Халқаро дастур давом этмоқда.