Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан савдо тармоқларида сифатсиз гугурт маҳсулотлари сотилаётганлиги юзасидан келиб тушган мурожаатларга асосан назорат харидлари ташкил этилди.
Тадбир давомида “AVION”, “JEEP”, “ФЭСКО”, “GUGURT” ва “VIKTORY” савдо белгиси остидаги гугурт маҳсулотларидан намуналар сотиб олинди ва синовдан ўтказиш учун “O‘zbek-Turk Test Markazi” МЧЖ ҚК лабораториясига тақдим этилди. Синов натижаларига кўра, “Up Match” МЧЖ томонидан “JEEP” номли ва “ATLAS-INVEST” МЧЖ томонидан “GUGURT” номли ишлаб чиқарилган гугурт маҳсулотлари амалдаги техник жиҳатдан тартибга солиш ҳужжатларига номувофиқлиги аниқланди.
Маълумки, гугурт маҳсулотлари ГОСТ 1820-2001 стандарти талаблари бўйича 4 (2/3) форматдаги гугуртларнинг алоҳида қутиларида энг кўп тўлдирилиши 40 дан 60 донани ташкил этиши, энг кам тўлдирилиши 37 дан 52 донагача бўлиши лозим. Аммо “JEEP” номли гугурт қутисида ҳар икки ҳолатда ҳам минимал гугурт чўпи тўлдирилиши сони 11-17 донага камлиги аниқланган.
Қўмита томонидан мазкур ҳолатлар юзасидан олиб борилган ўрганишларда “Up Match” МЧЖ 2024 йил 22-29 апрель кунлари 1500 гофра яъни 1 500 096 қути миқдорида 150 000 000 сўмлик стандарт талабларига номувофиқ бўлган гугурт маҳсулотларни сотувга чиқаргани маълум бўлди. Бу ҳолат таҳлил қилинганда ҳар бир истеъмолчи чакана савдо объекти орқали 10 қутидан гугуртни харид қилган тақдирда жами 150 мингта истеъмолчи сотиб олган ҳисобланади. Таҳлил натижаларига кўра 29,8 фоиз кам тўлдирилган гугурт маҳсулотлари сотилиши натижасида истеъмолчилардан 44 700 000 сўм ортиқча маблағ олинганлиги аниқланган.
Шунингдек, “АТЛАС-ИНВЕСТ” МЧЖ 2024 йил февраль-март ойларида жами 605 гофра миқдорида 66 500 000 сўмлик стандарт талабларига номувофиқ бўлган гугурт маҳсулотларни сотувга чиқаргани маълум бўлди. Таҳлил натижаларига кўра, кам тўлдирилган гугурт маҳсулотлари сотилиши натижасида истеъмолчилардан 20 493 000 сўм ортиқча маблағ олинганлиги аниқланган.
Ушбу ҳолатлар юзасидан сифатсиз гугурт маҳсулотларини савдо расталаридан олиш чораларини кўриш ва ортиқча олинган маблағларни истеъмолчиларга қайтариш бўйича “Up Match” МЧЖ ва “АТЛАС-ИНВЕСТ” МЧЖларга қонун бузилишини бартараф этиш юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилган ва жамиятлар томонидан кўрсатма талаблари бажарилган.
Бундан ташқари, “AVION”, “ФЭСКО” ва “VIKTORY” савдо белгиси остидаги гугурт маҳсулотлари хорижий корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган аниқланди ва уларга нисбатан белгиланган тартибда чора кўриш ишлари олиб борилмоқда.