Ижтимоий тармоқ орқали “Танқид учун жарима ундирилиши қонунийми?” мазмунида қолдирилган мурожаат фуқаролар муҳокамаларига сабаб бўлмоқда.
Жумладан, ушбу мурожаатда “Агар истеъмолчи ўз ташаббуси билан шартномани бекор қилса, қурилиш ташкилоти тўланган маблағнинг ёки шартнома қийматининг 10 фоизи миқдоридаги суммани жарима сифатида ушлаб қолиш ҳуқуқига эгалиги, шунингдек, мижозлар бу қурувчи корхона устидан ҳатто мурожаат қилинган тақдирда унинг ишчанлиги ва обрўсига путур етказилган дея яна унга жарима қўлланиши” ҳам билдирилган.
Қўмита томонидан олиб борилган ўрганишларда “GOLDEN HOUSE” компанияси томонидан улуш киритиш асосида кўп қаватли уйдан хонадон харид қилиш шартномаси шартларида истеъмолчи ўз ташаббуси билан шартномани бекор қилган тақдирда ҳамда ушбу компания фаолиятига нисбатан норозилик билдириб ОАВ, тегишли идора ва ташкилотларга мурожаат қилинишига ҳам шартнома қийматининг 10 фоизи миқдоридаги суммани жарима сифатида ушлаб қолиниши истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган шартлардан бири эканлиги маълум бўлди.
Юқоридагиларга кўра, Рақобат қўмитаси томонидан Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 4, 6, 21 ва 23-моддалари талаблари асосида “Golden House Property Group” МЧЖга қонун бузилиши ҳолатларини ихтиёрий равишда бартараф этиш чораларини кўриши юзасидан белгиланган тартибда кўрсатма берилди.
ЭСЛАТМА: Тадбиркорлик фаолияти эркинликлари кафолатлари тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 9-моддасига асосан, тадбиркорлик фаолияти субъектлари рақобат тўғрисидаги ва истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақидаги қонунчилик талабларига риоя этиши шарт.








