Фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий органлари томонидан батафсил ўрганилиб, ижобий ҳал этилмоқда.
Мурожаатларни ҳал этиш жараёнида фуқаролар манфаати устувор аҳамият касб этаётгани натижасида кўплаб масалалар ўз ечимини топмоқда. Бу эса қўмита фаолиятининг очиқлиги ва фуқаролар билан мулоқотнинг самарадорлиги ортиб бораётганидан далолат беради.
Жумладан, Республикамизнинг ҳудудлари кесимида
Андижон вилояти
Фуқаро Т.Д. ижтимоий тармоқлардаги реклама орқали “EUPHORIA GROUP” компаниясидан “sustafleks” номли маҳсулотни 647 минг сўмга сотиб олган. Агарда маҳсулот сифатсиз бўлса, қайтариш шарти белгиланган шартнома асосида харид қилган эди. Истеъмолчи маҳсулотни ишлатгандан сўнг, ундан самара олмаган ва харид қилган маблағни қайтариш имкони бўлмаганлиги сабабли ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида, фуқарога 647 минг миқдоридаги маблағ қайтариб берилиши таъминланди.
Жиззах вилояти
Ғаллаорол тумани фуқароси М.О. номидан “Ипотека банк”га 5 та (10 млн сўмлик) онлайн ва оффлайн кредит аризалари ноқонуний юборилган. Фуқаро бу аризаларни ўчиришни сўраган, аммо банк фақат онлайн аризаларни ўчира олишини билдирган. Муаммо тўлиқ ҳал этилмаётганидан норози бўлган фуқаро ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида, фуқаронинг мурожаати ижобий ҳал этилиши таъминланди.
Навоий вилояти
Қизилтепа туманида яшовчи фуқаро М.А. “Ипотека банк” АТБ орқали имтиҳон учун тўланган тўлови бошқа ҳисоб рақамга ўтиб кетганлиги ва ушбу тўловни қайтариш юзасидан ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида, фуқаро томонидан қилинган тўловлар банк томонидан тўлиқлигича қайтарилиши таъминланди.
Тошкент вилояти
Фуқаро “G‘azna” иловаси орқали TBC банкка ўтказиб берилган 425 минг сўм миқдордаги пул ўтмай қолгани ва мурожаат қилинганда фақат 200 минг сўм пул қайтариб берилганлигидан норозилик билдириб, қолган маблағни қайтариб олиш юзасидан ҳудудий бошқармага мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида, банк томонидан фуқарога 225 минг миқдоридаги маблағ қайтариб берилиши таъминланди.








