Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Навоий вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан вилоятдаги яна бир фуқаронинг муаммоси ҳал этилди.
Фуқаро Г.С.Айдарова Қўмитанинг Навоий вилояти ҳудудий бошқармасига қуйидаги мазмунда мурожаат йўллаган:
Мурожаатчи билан “Отабек Шахзоджон Келажаги” МЧЖ ўртасида 2022 йил 11 май куни (квартира қуриб бериш бўйича) шартнома тузилган. Фуқаро шартнома шартларига кўра Кармана тумани “Уйрот” МФЙ ҳудудида қурилаётган, умумий майдони 205 кв.м бўлган коттеж типидаги хонадон учун (хонадон умумий баҳоси 370 000 000 сўм) 55 000 000 сўм тўловни амалга оширган.
Хонадон қуриб битказилгандан сўнг, қурувчи мурожаатчига “кредит тарихингиз салбий чиқди” деб, уйни сотишдан бош тортади.
Бу вақт ичида эса мурожаатчи уй интерьерини ўз ҳисобидан таъмирлаганлиги ва ҳозирда тўланган тўловни ҳамда уй таъмири учун кетган харажатларни қайтариб берилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат қилган.
Ҳудудий бошқарма ходимлари томонидан олиб борилган саъй-ҳаракатлар натижасида мурожаатчига турар-жой қурилиши учун амалга оширган 55 000 000 миллион сўм тўлови ҳамда уй таъмири учун сарфланган 3 000 000 сўм, жами 58 000 000 сўм маблағи қайтарилиши таъминланди.