Рақобат қўмитасига фуқаро И.К. қурилиш ташкилоти томонидан ҳуқуқлари бузилаётганлиги, яъни белгиланган муддатда унга икки хонали уйи фойдаланишга топширилмаётганлиги юзасидан мурожаат қилган.
Мурожаат юзасидан олиб борилган ўрганишларда фуқаро Тошкент шаҳар, Ал-Хоразмий кўчасида қурилаётган 5-қаватли турар жойдан уй харид қилиш мақсадида “LONG LIVED BUILDINGS” МЧЖ билан 2021 йил 24 сентябрда шартнома имзолагани, аммо мазкур уйни ололмаётгани маълум бўлди.
Хусусан, шартнома шартларига мувофиқ, қурилиш объекти 2023 йилнинг 3-чорагида фойдаланишга топширилиши керак эди. Фуқаро ўз зиммасидаги мажбуриятларини тўлиқ бажаргани, шартномани бекор қилиб, уйга тўланган маблағини қайтариб беришларини сўраб қурилиш ташкилотига бир неча бор мурожаат қилган.
Қўмита томонидан мурожаат батафсил ўрганилиб, фуқаронинг ҳуқуқлари тикланди. Натижада, шартнома бекор қилинди ва фуқаро томонидан тўланган 414 миллион сўм маблағ қурилиш ташкилоти томонидан тўлиқ қайтариб берилиши таъминланди.
Маълумот ўрнида. Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 19-моддасида ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шартлиги;
иш бажариш (хизмат кўрсатиш) жараёнида аниқланган нуқсонларни бартараф этиш муддатлари шартномада белгилаб қўйилади. Бажарилган иш (кўрсатилган хизмат)даги нуқсонлар, агар шартномада бирмунча қисқароқ муддат белгиланмаган бўлса, истеъмолчи талаб қилган кундан эътиборан йигирма кун ичида ижрочи томонидан бартараф этилиши керак. Нуқсонлар белгиланган муддатда бартараф этилмаган, шунингдек, иш бажаришни (хизмат кўрсатишни) бошлаш ва тугаллаш кечиктирилган тақдирда, ижрочи истеъмолчи ҳар бир кечиктирилган кун, соат (агар муддат соатларда белгиланган бўлса) учун иш (хизмат) қийматининг ёки буюртма қийматини (агар унинг қиймати алоҳида белгиланмаган бўлса) бир фоизи миқдорида неустойка (пеня) тўлаши белгилаб берилган.