“Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманидан янги турар жой харид қилганмиз. Қурилиш-таъмирлаш ишлари якунига етмаган, ошхона, ҳаммом ва хожатхона учун фақат хона деворлари бор холос, яшаш учун шароит йўқлиги сабаб бу ерда истиқомат қилмадик ва сувдан фойдаланмаганмиз. Аммо хонадонимизга ичимлик суви учун 2 млн 184 минг сўм қарздорлик ёзилибди…”
А.Р. Тошкент шаҳар
Эксперт: Ахрор АХМЕДОВ, Рақобат қўмитаси бош мутахассиси
— Қўмитанинг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси мурожаатни “Тошкент шаҳар сув таъминоти” АЖ билан ҳамкорликда ўрганиб чиқди. Шикоятда келтирилган ҳолатларга аниқлик киритиш жараёнида мазкур янги қурилган уйда қурилиш-таъмирлаш ишлари бошланган, аммо охирига етказилмагани маълум бўлди. Хусусан, санузел билан боғлиқ хоналар (ошхона, ҳаммом ва хожатхона) учун фақат хона деворлари олинган, холос. Бу хонадонда яшаш учун шарт-шароит йўқлиги туфайли ҳеч ким истиқомат қилмаган ва сувдан умуман фойдаланилмаган. Бундан ташқари, фуқаро А.Р. билан “Ўзсувтаъминоти” АЖ ўртасида шартнома тузилмаган.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 21-моддасида сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун тўлов ундиришга ҳақли эмаслиги белгилаб берилган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 194-сон қарори билан берилган “Истеъмолчиларга сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш хизматлари кўрсатиш Қоидасига асосан, ичимлик сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш марказлаштирилган тизимларидан фойдаланиш соҳасида сув қувурлари — канализация хўжалиги ташкилотлари — ИСКХ ташкилоти истеъмолчи томонидан тақдим этилаётган сув сарфи ҳақидаги маълумотларни, сувни ҳисобга олиш асбоби кўрсаткичларининг тўғри олинаётганлигини мунтазам равишда назорат қилиб туриши лозим. Бироқ хизмат кўрсатувчи корхона томонидан бу назорат ишлари олиб борилмаган. Бунинг натижасида асоссиз қарздорлик юзага келган.
Ўрганиш натижаларига кўра, “Тошкент шаҳар сув таъминоти” АЖ маълумотлар базасида ушбу янги турар жой ҳисоб рақамига бириктирилиб, Яшнобод тумани аҳоли абонентлар билан ишлаш бўлими истеъмолчи томонидан тақдим этилган ҳужжатларга асосан электр маълумотлар базасига ўзгартириш киритган. Истеъмолчи шаҳар ичимлик сув тармоғига уланмаганлиги сабабли электрон базада сув таъминоти учун ҳисоб-китоб тўхтатилди ва ушбу ҳисоб рақамда асоссиз ҳисобланган 2 млн 184 минг сўм қарздорлик бартараф этилиши таъминланди.