Рақобат қўмитаси томонидан маиший чиқинди ташиш хизмати бўйича фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларни доимий равишда ўрганиш ва таҳлил қилиш ишлари олиб борилмоқда.
Жумладан, Фарғона вилоятида санитар тозалаш корхоналари томонидан 871 та МФЙлар (3148,9 минг аҳоли)га чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматлари кўрсатиб келинмоқда. Мазкур рақамлар шуни кўрсатадики, бу хизматлар вилоятнинг 82 % маҳалласи ёки 77,4 % аҳолисини қамраб олган.
Ўрганиш жараёнида, 2023 йил ҳамда 2024 йилнинг 6 ойи давомида чиқинди ташиш хизматини кўрсатиш учун истеъмолчи абонентлар-хонадонларга ҳисобланган қарздорлик суммалари ва уларга турли сабаблар натижасида чиқинди ташиш хизматларининг кўрсатилмаганлик вақтлари учун ҳисобланиб келинаётган қарздорлик суммалари таҳлил қилинди.
Таҳлил натижаларига кўра,
2023 йилда истеъмолчи абонентлар хонадонларига ҳисобланган қарздорлик суммалари таркибидаги кўрсатилмаган хизматлар қисми учун номуайян доирадаги 767 068 та хонадонларда яшовчи 3 141 658 нафар истеъмолчига жами 30 млрд сўмдан ортиқ қарздорлик ҳисобланганлиги ҳамда
ушбу кўрсаткичлар 2024 йилинг 6 ойи давомида 784 095 та хонадонларда яшовчи 3 146 985 нафар истеъмолчига жами 10 млрд сўмга яқин қарздорлик ҳисобланганлиги маълум бўлди.
Юқоридагиларга кўра, Қўмитанинг Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан хизмат кўрсатувчи субъектлар истеъмолчиларга ушбу хизмат турини кўрсатилиши давомида Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни 21-моддаси талабларини (шартноманинг истеъмолчи ҳуқуқларини чеклаб қўядиган шартлари ҳақиқий эмаслиги, яъни сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас) бузганлиги аниқланиб, ўтган вақт давомида жами ҳисобланган 40 млрд сўмдан ортиқ асоссиз қарздорликлар истеъмолчилар фойдасига қайта ҳисоб-китоб қилиб берилиши таъминланди.