Фарғона вилоятида аҳоли ва қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш ишлари давом эттирилмоқда
Республикамизнинг қолган ҳудудларида ҳам аҳоли ҳамда қишлоқ хўжалигини рўйхатга олиш ишлари амалга оширилмоқда. Мазкур тадбир аҳоли таркиби ва унинг ривожланиш динамикасига оид маълумотларни йиғиш, таҳлил қилиш ҳамда улар асосида аҳоли турмуш шароитини яхшилашга қаратилган давлат сиёсатини белгилашга хизмат қилади.
Рақобат қўмитаси мутахассислари бошчилигидаги ишчи гуруҳ Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида рўйхатга олиш ишлари юзасидан ўрганишлар ўтказди. Жараённинг аҳамияти бўйича масъул ходимларга тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, туман тиббиёт бирлашмалари, мактабгача ва мактаб таълими муассасалари ҳамда туман Санитария эпидемиялогия бўлимларида амалга оширилаётган ишлар кўздан кечирилди.
Бундан ташқари, хонадонлари сони кўп бўлган 10 дан ортиқ маҳалла фуқаролар йиғинида маҳалла еттилиги томонидан олиб борилаётган ишлар ўрганилди.
Тадбирнинг биринчи босқичида режалаштирилган вазифаларни белгиланган муддатларда бажарилишини таъминлаш юзасидан тегишли кўрсатмалар берилди. Ҳудудларда мазкур ишлар давом эттирилмоқда.








