Жорий йилнинг октябрь ойида Германиянинг Sparkassen Stiftung ташкилоти кўмагида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси делегацияси Брюссель (Бельгия) шаҳрида бўлиб қайтди. Қўмита раиси ўринбосари Фаррух Карабаев Европа Комиссиясининг асосий монополияга қарши органи – рақобат бўйича бош директоратига ташриф буюрди. Монополияга қарши курашишни тартибга солиш ва рақамли платформа ларни назорат қилиш бўйича бош директор ўринбосари Линси Маккаллум хоним ва Рақобат сиёсати ва стратегия бошқармаси бошлиғи Инге Бернаертс хоним билан амалий учрашув ўтказди. Ўзаро мулоқот чоғида Ўзбекистонда рақобатни янада ривожлантириш, иқтисодиётда давлат иштирокини қисқар тириш ва барча бозор иштирокчиларга тенг шароитлар яратиш, илғор халқаро амалиётларга тўлиқ уйғунлаштирилган рақобат сиёсатининг ҳуқуқий базасини янада такомиллаштириш бўйича амалга оширилаётган таркибий ислоҳотларнинг натижалари ҳақида маълумот берилди. Европа Комиссияси вакиллари эса глобал рақамли платформаларни тартибга солиш, картелларни тергов қилиш, давлат ёрдами ва иқтисодий концентрация битимларини назорат қилишдаги ёндашув ва амалиётларга тўхталиб ўтишди. Бундан ташқари, Фаррух Карабаев Европа Иттифоқининг рақобат қонунчилиги ва сиёсати амалиётлари мавзусига бағишланган халқаро семинарда иштирок этди. College of Europe университетининг Глобал рақобат бўйича ҳуқуқ маркази президенти, доктор Бернд Мейринг, Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича (EuroUz) ассоциациясининг Интеллектуал мулк ва рақобат масалалари қўмитаси аъзолари билан суҳбат самарали кечди. Учрашувлар якунида Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мутахассисларининг Европа Комиссияси рақобат бўйича бош директоратида 3 ойлик амалиёт ўташини ташкил этиш, қўмита билан Рақобат бўйича бош директорат ўртасида глобал рақамли платформаларни монополияга қарши тартибга солиш бўйича ўзаро маслаҳатлашув механизмини ишга туширишга оид келишувларга эришилди. Шунингдек, EuroUz ассоциацияси ва қўмита ўртасида англашув меморандуми имзоланди. Унга мувофиқ ассоциация қўмитага Европа комиссияси билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантиришга ёрдам беради. Европа Иттифоқининг тадбиркорлик субъектлари Ўзбекистонда ўз фаолиятини амалга оширишидаги тўсиқларни бартараф этишга ҳамда Ўзбекистонга Европа инвестициялари оқимини оширишга кўмаклашиш бўйича доимий маслаҳат механизми жорий этилади.
Ушбу янгилик билан бўлишиш