Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Рақобатни таъминлашга кўмаклашиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги нодавлат нотижорат ташкилотларини рағбатлантириш ва қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 667-сонли қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорга кўра, нодавлат нотижорат ташкилотлари (ННТ) томонидан “сирли мижоз” ва назорат хариди тадбирларини амалга ошириш тартиблари белгиланди. Бу орқали тиббий хизмат кўрсатиш ва савдо соҳаларида қонун талабларига риоя этилишини ННТлар томонидан холис баҳолаш тизими жорий этилади.
Шунингдек, эндиликда Қўмита ва унинг ҳудудий органлари томонидан ҳамда тажриба даврида нодавлат ташкилотлар иштирокида назорат хариди тадбирлари қуйидаги қоидалар асосида амалга оширилади:
🔘Назорат хариди ва “сирли мижоз” тадбирлари қонунийлик, холислик ва махфийлик принципларига асосан ўтказилади;
🔘Бу тадбирлар бўйича режа Қўмита томонидан ишлаб чиқилиб, расмий тарзда тасдиқланади;
🔘Ҳар бир тадбир бўйича масъуллар, жой, муддат, текшириладиган мажбурий талаблар ва фото-видео қайд этиш тартиби буйруқ билан белгиланади;
🔘Назорат хариди жараёнида олинган намуна ва маълумотлар тегишли лабораторияларда синовдан ўтказилади;
🔘Агар товар ёки хизмат қонун талабларига мос келмаса, тегишли ваколатли органларга юборилади ва жамоатчиликка ахборот берилади;
🔘Биринчи марта қонунбузарлик аниқланса, тушунтириш ва ёрдам чоралари кўрилади, такрорий ҳолларда эса текширув белгиланади;
🔘Нодавлат ташкилотлар ўз маблағлари ҳисобидан тадбирларни амалга оширади, Қўмита эса ушбу фаолиятни мувофиқлаштиради ва методик ёрдам кўрсатади.
Бундан ташқари, қарор орқали соғлиқни сақлаш соҳасида “сирли мижоз” усули билан тиббиёт ва дорихона хизматлари сифатини баҳолаш ҳамда чакана савдода назорат хариди жараёнларини қонун доирасида йўлга қўйиш учун аниқ ҳуқуқий асос яратилди.
Қарорга мувофиқ, Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида масъул органлар белгиланди:
🟢рақобатни ривожлантириш соҳасида – Рақобат қўмитаси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Транспорт вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Энергетика вазирлиги ҳамда Рақамли технологиялар вазирлиги;
🟢истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида – Рақобат қўмитаси, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги
Ушбу масъул органлар ҳар йили камида бир маротаба нодавлат нотижорат ташкилотларига ўзларига бириктирилган соҳаларда таҳлиллар ўтказиш, муаммоларни ўрганиш ва ўз ваколатлари доирасида бошқа тадбирларни ташкил этиш юзасидан бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан давлат ижтимоий буюртмалари беради.
Жорий этилган тартиблар хизмат кўрсатиш ва савдо соҳаларида адолатли рақобат муҳитини шакллантиришга билан бирга ННТлар фаолиятини қўллаб-қувватлаб, истеъмолчилар ҳуқуқлари ҳамда хизмат кўрсатиш сифати мониторинги учун самарали инструментларни тақдим этишга хизмат қилади.








