Мамлакатимизда электрон тижорат тез суръатларда ривожланиб бормоқда. Натижада тадбиркорлик субъектлари товар, иш ва хизматларни бозорга электрон платформалар (https://xarid.uzex.uz, https://cooperation.uz ва бошқалар) орқали таклиф қилишмоқда. Таклиф ва рақобатнинг ҳалол бўлгани яхши, албатта. Афсуски, мазкур жараёнда айрим тадбиркорлик субъектлари интеллектуал мулк билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйишмоқда.
Хусусан, xarid.uzex.uz ва cooperation.uz платформаларида 35 та тадбиркорлик субъектлари томонидан “ORGSELL” МЧЖга тегишли “AVTECH” товар белгисидан жамиятнинг рухсатисиз фойдаланиш ҳолатлари кузатилган.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳолатни ҳар томонлама ўрганиб чиқди. Ҳақиқатда 35 та тадбиркорлик субъектлари ўз эълонларида “AVTECH” товар белгиси остидаги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиси сифатида фойдаланганини, аммо ушбу корхоналар ишлаб чиқарувчи эмас, балки чакана ёки улгуржи савдо ёҳуд компьютер техникаларини таъмирлаш билан шуғулланиши аниқланди. Текширувларда қонунбузилишлар тизимли тартибда давом этаётганлиги маълум бўлди.
Масала интеллектуал мулкдан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ бўлгани, у давлат харидларининг электрон дўкондаги савдолар жараёнида рўй берганлиги сабабли юзага келган саволларга ойдинлик киритиш мақсадида мурожаат ушбу соҳанинг ваколатли органлари иштирокида, жумладан, Молия вазирлиги, Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси ва Электрон кооперация портали, албатта аризачи “ORGSELL” МЧЖ вакиллари ва Қўмита масъуллари иштирокида кўриб чиқилди.
Ушбу ҳолатни кўриб чиқиш давомида “ORGSELL” МЧЖ тегишли товар белгисидан бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг тизимли равишда ноқонуний фойдаланилиши олдини олиш мақсадида xarid.uzex.uz ва cooperation.uz платформаларида “AVTECH” товар белгисидан ноқонуний фойдаланилишига блок қўйиш ва шу каби камчиликларга йўл қўяётган савдо иштирокчиларини савдодан четлатиш чораларини кўриш, мақсадга мувофиқ деб топилди.
Таъкидлаш керакки, юзага келган биргина муаммони ҳал қилиш орқали электрон тижорат жараёнидаги интеллектуал мулк билан боғлиқ қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиб бўлмайди.
Шуни инобатга олган ҳолда, Монополияга қарши курашиш қўмитаси Ўзбекистон Республикаси Президентиинг “2022-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси юзасидан Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган электрон тижорат жараёнида интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш юзасидан 2022-2025 йилларда Ўзбекистон Республикасида интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш стратегиясининг асосий мақсад ва вазифаларидан
бири сифатида белгилаш, шунингдек интеллектуал мулк ҳуқуқининг ҳолатини ўрганиш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш чора-тадбирларини белгилаш бўйича ўз таклифларини билдирган.