Рақобат қўмитасига республика бўйлаб истеъмолчилар томонидан коммунал соҳаси – электр таъминотига оид тушган мурожаатларнинг аксариятида электр энергияси истеъмолини ҳисобга олиш ускуналарини харид қилиш, ўрнатиш, рўйхатдан ўтказиш, даврий давлат қиёслови ва пломбалаш жараёнлари, шунингдек, асоссиз қарздорликларни юзага келаётгани юзасидан эътирозлар билдирилган.
Қўмита мазкур мурожаатлардаги қонунбузилиш ҳолатларини ўз вақтида аниқлаб, истеъмолчиларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиб келмоқда.
Наманган вилояти мисолида
Ҳудудий бошқармага Наманган тумани “Қўрғонча” МФЙда яшовчи фуқаро У.М хонадонига Наманган туман электр таъминоти корхонаси асоссиз 4.750.000 сўм қарздорлик ҳисоблаб, далолатнома расмийлаштирилганлигидан норози бўлиб мурожаат қилган.
Ўрганишлар давомида фуқаро уйида тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши қайд қилинган, аммо тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмаслиги ҳақида “Қўрғонча” МФЙ маълумот бергани ҳамда бу фаолият билан шуғулланувчилар рўйхатида фуқаро йўқлиги маълум бўлди. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Наманган ҳудудий филиали Наманган туман бўлими томонидан эса нотўғри далолатнома тузилган ва бу ҳолат эса асоссиз қарздорликни келтириб чиқарган.
Мурожаатчи хонадонида фойдаланилган электр энергияси учун тузилган далолатнома қайта ҳисоб-китоб қилиниб, 4.750.000 сўм қарздорлик бекор қилиниши таъминланди.
Тошкент шаҳар мисолида
Ҳудудий бошқармага Д.У исмли шахс томонидан мурожаат келиб тушди.Унда фуқаро, ўзи истиқомат қилаётган уй рўпарасидаги 2 қаватли бинода электр таъминоти кучланиши ошиб кетганлиги сабабли, ушбу ҳудуддаги хонадонларда барча маиший техникалар ишдан чиққанлиги ва ёнғин содир бўлганлигидан эътироз билдириб, мазкур масала юзасидан амалий ёрдам беришни ва етказилган моддий зарарларни қопланишида ҳамда хатоликка йўл қўйган ходимларга нисбатан қонун ҳужжатларда белгиланган тартибда чора кўриш зарурлиги сўралган.
Ҳолатга аниқлик киритилганда, “TOSHKENT SHAHAR ELEKTR TARMOQLARI KORXONASI” МЧЖ томонидан фуқаро хонадонига электр кучланиши юқори даражада етказиб берилганлиги сабабли, фуқаро хонадонидаги маиший техника воситаларига зарар етганлиги аниқланди.
Шу сабабли, ҳудудий бошқарманинг махсус комиссияси томонидан “TOSHKENT SHAHAR ELEKTR TARMOQLARI KORXONASI” МЧЖга нисбатан тегишли тартибда иш қўзғатилди ва электр энергия кучланиши натижасида етказилган 2 350 000 сўм миқдоридаги зарарни ундириб бериш тўғрисида қарор ва кўрсатма берилди.
Тошкент вилояти мисолида
Ҳудудий бошқармага Зангиота туманида истиқомат қилувчи фуқаро А.Ғ. туман ҳудудий электр тармоқлари томонидан фуқаронинг ҳисобида олдиндан тўлов борлигига қарамай, май ойи учун ҳар бир ишлатилган электр энергиясига 450 сўм ва 900 сўмдан ҳисоб-китоб қилинганлигидан норозилик билдириб, май ойи учун электр энергия тўловларни 295 сўмдан қайта ҳисоб-китоб қилиб берилишини сўраб мурожаат қилган.
Мурожаат ҳудудий бошқарма томонидан ўрганиб чиқилиб, фуқаро А.Ғ.нинг май ойи учун фойдаланилган электр энергия харажатлари қайта ҳисоб-китоб қилинганда фуқаро қарздор эмас, балки ҳисобида 1 140 104 сўм олдиндан тўлов мавжудлиги маълум бўлди.
Батафсил (https://telegra.ph/RA%D2%9AOBAT-%D2%9A%D0%8EMITASI-EHLEKTR-TAMINOTIDAGI-MUAMMOLAR-ECHIMINI-TOPMO%D2%9ADA-10-08-2)
Каналга уланиш https://t.me/RaqobatGovUz