Давлатимиз Раҳбарининг топшириқларига асосан Рақобат қўмитаси томонидан жорий йилнинг апрель ойида ҳаво транспортида йўловчи ташиш бозорида рақобат муҳити ҳолатини яхшилаш, авиа чипта нархларини мақбуллаштириш, авиа ташиш соҳасида, шу жумладан ички йўналишларда йўловчи ташиш ҳамда авиа ёқилғи билан таъминлашда хусусий секторни жалб қилиш имкониятларини кенгайтириш ва тенг шартлар яратиш бўйича таклифлар киритилган.
Бугунги кунда тегишли вазирлик ва идоралар томонидан авиа чипта нархларини барқарорлаштириш, ички йўналишларга тегишли “ҳаво эркинликлари” ва бошқа рағбатлантирувчи механизмлар асосида хусусий секторни, шу жумладан хорижий компанияларни жалб қилиш, маҳаллий ташувчиларга тенг шартларда субсидия бериш орқали маҳаллий йўналишларда аҳолига кенгроқ кўламда хизмат кўрсатишни кенгайтириш чоралари кўрилмоқда.
Жорий йилнинг май ойида Ҳукуматнинг тегишли қарори билан барча маҳаллий ташувчиларга ички йўналишларда ташишларнинг тенг шартларда субсидия бериш жорий этилди.
Шунингдек, маҳаллий қатновларда авиачипталарнинг нархлари «Uzbekistan airways» АЖ ва «Silk avia» авиакомпаниялари томонидан қайта кўриб чиқилиб, пасайтириш чоралари кўрилмоқда.
Буларнинг натижасида аҳолига янада қулайлик яратилиб, ички туризмни ривожланиши ва ҳудудларнинг иқтисодий ривожланишига катта туртки бўлиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, Рақобат қўмитаси маҳаллий ва халқаро парвозларни амалга оширувчи йўловчи ташувчи компаниялар рақобатга ёки истеъмолчилар манфаатларига зид ҳаракатларни амалга оширганида, шу жумладан сунъий равишда чипталарни савдога чиқармаслик ҳолатлари аниқланганда қонунчиликка асосан чора кўрилишини билдиради.