2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясидаги инсон қадрини юксалтириш, халқпарвар давлат барпо этишга оид устувор мақсад ва вазифалар ижросини таъминлаш давлат органлари фаолияти самарадорлигини янада оширишни талаб этмоқда. Юртимизда бу борада олиб борилаётган тизимли ислоҳотларнинг навбатдаги амалий натижаси ўлароқ, 2022 йилнинг 8 августида Президентимиз томонидан Ўзбекистон Республикасининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуни қабул қилинди.
Мазкур қонуннинг қабул қилиниши “Халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак”, деган тамойилни тўла рўёбга чиқариш учун мустаҳкам ҳуқуқий пойдевор бўлади. Ўзи аслида бу қонунга қандай эҳтиёж бор эди? Хорижий мамлакатлар тажрибаси, давлат хизмати тўғрисидаги қонунларида хизматчиларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, давлат хизматчилари фаолиятини баҳолаш, давлат хизматида ўсиш, бошқа давлат лавозимига ўтиш, меҳнатига ҳақ тўлаш, давлат фуқаролик хизматчиларининг иш вақти ва меҳнат таътиллари кенг тартибга солинганини кўришимиз мумкин.
Қабул қилинган Қонун айнан ушбу соҳадаги мавжуд муаммоларни бартараф этишда, давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги давлат сиёсати ягоналигини таъминлашда айни муддао бўлди, десак муболаға бўлмайди. 10 та боб ва 64 та моддадан иборат Қонун Давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқий мақоми, давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги ваколатлар, Давлат фуқаролик хизмати соҳасида коррупцияга қарши курашиш, Давлат фуқаролик хизматига кириш тартиби ва шартлари, Давлат фуқаролик хизматчиларини ҳуқуқий ва ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш каби нормаларни ўз ичига олган.
Қонуннинг 19-моддасида Манфаатлар тўқнашуви нормаси акс эттирилган.Ушбу нормада, манфаатлар тўқнашуви юзага келган тақдирда, давлат фуқаролик хизматчиси ўзининг раҳбарига ёки юқори турувчи давлат органига дарҳол ёзма шаклда хабар қилиши кераклиги ўз навбатида манфаатлар тўқнашуви мавжудлиги тўғрисида маълумотларни олган давлат органининг раҳбари ушбу тўқнашувни бартараф этиш юзасидан ўз вақтида чоралар кўриши шартлиги белгилаб қўйилди.
Қонунда Давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари билан биргаликда унинг жавобгарлиги ҳам алоҳида нормада акс эттирилган. 14-моддага асосан, Давлат фуқаролик хизматчисининг қонунга хилоф ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) туфайли жисмоний ёки юридик шахсларга етказилган зарарнинг ўрни давлат органи томонидан қопланиши ва ушбу зарар кейинчалик айбдор бўлган давлат фуқаролик хизматчисидан ундириб олиниши кўрсатилган.
Қонунда Давлат фуқаролик хизматини ўташ билан боғлиқ бир қатор чекловларнинг ҳам киритилганлигини кўриш мумкин. Жумладан, яқин қариндошликда бевосита бўйсунув остидаги лавозимни эгаллашга, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга, ўз хизмат ваколатларини бажариш ёки бажармаслик эвазига фуқаролардан бирон-бир мукофот ёки совғалар олишга, чет давлат фуқаролигини олишга, Ўзбекистондан ташқарида ҳисоб варақлар очишга, шунингдек, коррупцияга оид жиноятларни содир этишда айбдор деб топилган шахсларни давлат фуқаролик хизматига қабул қилишда чекловлар ўрнатилган.
Чунки қонун давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқий мақоми, лавозимлар тоифалари ва малака даражаларини, давлат фуқаролик хизматига кириш, ўташ ва тугатиш жараёнларининг ягона тартиботини, кадрларнинг касбий-маънавий фазилатлари ва алоҳида хизматларнинг объектив ҳамда адолатли баҳолаш асосида хизмат поғоналари бўйича ўсиш кафолатларини, умуман, ягона давлат фуқаролик хизматининг ташкилий-ҳуқуқий механизмини тартибга солишни назарда тутади.
Сир эмас, бугун давлатни барқарорлаштириш билан бирга жамиятни фаоллаштириш, давлат хизматчисининг жамиятга ижобий муносабатини шакллантириш, халққа хизмат қилиш, одамлар розилигини олиш, ҳалоллик, адолатни мустаҳкам ўрнатиш борасидаги замонавий ёндашувга бўлган ижтимоий эҳтиёж кучайди. “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши Президентимиз илгари сураётган халқпарвар сиёсатнинг яна бир амалий тасдиғи бўлди.
Юртимизда сўнгги йилларда халқ манфаатлари йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ўзининг амалий натижасини бермоқда. Давлат органлари “Инсон – жамият – давлат” тамойили асосида янгича ва халқчил тизимда ишлашни бошлади. Давлат бошқаруви ва давлат хизматчилари оддий одамларга яқинлашди. Халқни эшитиш, муаммоларни тезкор ҳал қилиш тизими йўлга қўйилди. Мазкур тизимни мустаҳкамлаш учун эса муҳим ҳуқуқий асос қабул қилиниши керак эди. Давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат бўлган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун бу борадаги муҳим дастуриламал ҳужжат бўлгани шубҳасиз.
Қонуннинг “Давлат фуқаролик хизмати соҳасида давлат бошқаруви”, “Давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқий мақоми”, “Давлат фуқаролик хизмати соҳасида коррупцияга қарши курашиш” каби бобларида давлат фуқаролик хизматчисининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари, одоб-ахлоқ қоидалари каби тушунчалари акс этган. Ҳужжат Ўзбекистонда ижро ҳокимияти функцияларини амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотларидаги 118 мингдан ортиқ давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолияти билан боғлиқ барча муносабатларни ягона қоидалар асосида тартибга солади. Жумладан, Қонуннинг 5-моддаси “Давлат фуқаролик хизматининг асосий принциплари” деб номланиб, унда давлат фуқаролик хизмати тизимининг ягоналиги ва барқарорлиги, қонунийлик, адолатлилик, халққа хизмат қилиш, давлат органларининг ва мансабдор шахсларнинг жамият ҳамда фуқаролар олдида масъуллиги каби бандлар белгиланган.
Қонунга кўра, давлат фуқаролик хизматини ўташда мазкур қонун билан тартибга солинмаган муносабатларга Меҳнат кодекси қўлланилади.
Қонун билан давлат фуқаролик хизмати соҳасида ваколатли орган этиб – Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги белгиланди. Агентликнинг давлат фуқаролик хизмати соҳасидаги ваколатлари ҳам белгилаб берилди. Агентлик мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ушбу қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминлаш борасида бир қатор вазифалар ва чора-тадбирларни белгилаб олди.
Қисқаси, давлат хизматида узоқ йиллардан буён ўз ечимини топмаган тизимли муаммоларни ҳал қилишга қаратилган “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонун нормаларининг самарали ижросини таъминлаш орқали давлат фуқаролик хизматини тартибга солиш соҳасида илғор халқаро стандартларга жавоб берувчи ягона тартибот тизими шакллантирилади. Энг асосийси, давлат фуқаролик хизматига виждонли, садоқатли, малакали кадрларни жалб қилиш, улар салоҳиятини ошириш, уларни ўзининг одоб-аҳлоқи, феъл атвори ва билими билан намуна бўла оладиган, фидойи, халқпарвар ва рақобатбардош кадрлар сифатида тарбиялаш учун зарур ҳуқуқий шароитлар яратилади.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси харидларни назорат қилиш департаменти директори М.З.Камилов