Бугун 16 март куни Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) томонидан «City Palace Tashkent» меҳмонхонасида «Давлат харидларида тил бириктириш ҳолатларига қарши курашиш» мавзусида давлат харидлари соҳасида масъул органларнинг мутасадди ходимлари учун ўқув-семинар бўлиб ўтди.
OECD Рақобат бошқармаси бошлиғи ўринбосари Антонио Капобианко бошчилигидаги делегация вакиллари томонидан мазкур семинарга таклиф этилган вазирлик, идора ва ташкилотларнинг соҳага масъул ходимлари учун давлат харидларини амалга оширишда тил бириктириш ҳолатлари ва коррупцияга қарши курашишда рақобат қонунчилигини қўллаш ва тарғиб қилишнинг ўрни ҳамда унда рақобат нуқтаи назаридан давлат харидларини амалга оширишда тил бириктириш ҳолатларига ҳуқуқий тушунча бериш мавзуларида тақдимотлар қилинди.
Шунингдек, семинар иштирокчилари давлат харидларини амалга оширишда тил бириктириш ҳолатларини олдини олишда тендер савдоларини ўтказиш қоидаларини ишлаб чиқиш ва давлат харидларини амалга оширишда тил бириктириш ҳолатларини аниқлашда шубҳали далилларни тўплашда илғор хорижий тажриба билан яқиндан танишди.
Шу билан бирга, тадбир давомида давлат харидлари соҳасига масъул органлар ҳамда Испания Рақобат органи билан ҳамкорлик имкониятлари кўриб чиқилди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур ўқув-семинар Рақобат қўмитаси ҳамда ОЭCД ҳамкорлигида «Рақобатбардошликни таъминлашнинг адолатли бозор шартлари» лойиҳаси доирасида ташкил этилди.
Шунингдек, жорий йилнинг 13 март куни «Картель келишувларга ҳамда давлат харидларини амалга оширишда тил бириктириш ҳолатларига қарши самарали курашиш» мавзусида халқаро конференция ҳамда 14-15 март кунлари «Картель келишувларга ҳамда давлат харидларини амалга оширишда тил бириктириш ҳолатларига қарши самарали курашиш» мавзусида Қўмита тизими ходимларининг соҳага оид кўникмаларини оширишга қаратилган икки кунлик ўқув-семинарлар ҳам бўлиб ўтди.
Тадбир доирасида 2022 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакилларига матбуот анжумани давомида маълумот бериб ўтилди.
УШБУ ТАДБИРДА ЖАМОАТЧИЛИК КЕНГАШИ АЪЗОЛАРИ ИШТИРОК ЭТИШДИ