Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан давлат харидлари соҳасини назорат қилиш йўналишида амалга оширилган ишлар тўғрисида маълумот.
Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунининг 75-моддасида, Ўзбекистон Республикаси Рақобат қўмитаси ушбу Қонун ва давлат харидлари соҳасидаги бошқа қонунчилик ҳужжатларининг тўғри қўлланилиши устидан давлат назоратини ўз ваколатлари доирасида амалга ошириши белгиланди.
Қўмита томонидан ваколат доирасида харидлар ижрочилари тўғрисидаги маълумотларни доимий мониторинг қилиш орқали харидлар жараёнида рақобатга таъсир этувчи омиллар бартараф этиб келинмоқда.
Хусусан:
2022-йил якуни бўйича давлат ва корпоратив буюртмачилар томонидан ўтказилган 31 926 та танлов (тендер) савдоларида таҳлил ишлари олиб борилди. Шу жумладан, 2022 йилда жами амалга оширилган 91 016 та электрон танлов (тендер) лардан 23 757 таси (яъни 26,1%) қўмита томонидан масофавий ўрганилган.
Таҳлил натижасида давлат ва корпоратив буюртмачилар томонидан 6 201 та савдолар жараёнида (яъни 19,4% да) 8 698 та рақобатга зид ҳолатлар аниқланган.
Аниқланган қонунбузилишларига қуйидагича таъсир чоралари кўрилган:
5 507 та қонун бузилиши ҳолатлари бўйича ҳуқуқий баҳо бериш учун ҳуқуқ тартибот ва бошқа органларига маълумотномалар киритилган;
235 та қонун бузилиши ҳолатлари буюртмачилар томонидан ихтиёрий бартараф этилган;
2 956 та ҳолат бўйича Қўмита томонидан 620 та иш қўзғатилиб, 530 та кўрсатмалар берилган ҳамда 412 та мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилган.
Шу билан бирга, Қўмита томонидан доимий равишда давлат харидлари соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштириш, қонунбузилишларни олдини олиш, давлат харидлари субъектларига тенг имкониятлар яратиш, кичик бизнес субъектларини давлат харидлари жараёнига кенг жалб қилиш ҳамда қонунбузилишларга йўл қўйган субъектлар жавобгарлигини оширишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилган.
Хусусан,
Қурилиш соҳасида электрон давлат харидларини ташкил этиш ва амалга ошириш ҳамда лойиҳа-қидирув ва қурилиш-пудрат ташкилотлари рейтингини ҳисоблаш ва юритиш тартибларини инсон омили аралашувини истисно этувчи мезонлар асосида янада такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқилди.
Янги тартибга кўра:
харид комиссияси фаолияти бекор қилиниб, унинг функцияси платформа томонидан автоматик равишда амалга оширилиши белгиланди;
давлат буюртмачиси ва пудрат ташкилотининг, ҳамда пудрат ташкилотларининг ўзаро аффилланганлик хусусиятини автоматик равишда аниқлаш ва бартараф этувчи тизим жорий қилинди;
инсон омили аралашувидан ҳоли, давлат идоралари маълумотлари базаларига интеграция қилинган рейтинг тизими жорий қилинди.
Шу ўринда тадбиркорлик субъектлари ҳамда давлат буюртмачиларини давлат харидлари жараёнида рақобатга зид ҳаракатларни содир этмасликка ундаган ҳолда қонунбузилиш учун жавобгарлик муқаррарлигини эслатиб ўтамиз.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Ахборот хизмати