Рақобатни ривожлантириш ва истеьмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан келиб тушган мурожаатларга асосан ўтказилаётган мониторингларда Ичан-қалъа давлат музей-қўриқхонаси ва Хива шаҳридаги 97-сон ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернати томонидан ўтказилган танлов савдолари бўйича ўрганиш ишлари ўтказилди.
Ўтказилган ўрганиш жараёнида, Ичан-қалъа давлат музей-қўриқхонаси томонидан махсус ахборот портали орқали умумий қиймати 100,0 млн сўмлик ва Хива шаҳридаги 97-сон ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернати томонидан умумий қиймати 1 564,0 млн сўмлик энг яхши таклифларни танлаш бўйича танлов савдолари ўтказилганлиги кузатилди.
Ушбу танлов савдоларида Ўзбекистон Республикасининг “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 29-моддаси талабларига риоя қилинмаган.
Жумладан, Ичан-қалъа давлат музей-қўриқхонаси томонидан амалга оширилган танловда иштирокчилар томонидан малакавий мезонлар бўйича тақдим қилинган маълумот ва ҳужжатларни баҳолашда харид комиссияси томонидан хато ва камчиликларга йўл қўйилганлиги, ушбу йўл қўйилган хато ва камчиликлар харид натижасига таъсир кўрсатганлиги ҳамда Хива шаҳридаги 97-сон ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернати томонидан махсус ахборот портали орқали жойлаштирилган эълон бўйича ўтказилиши белгиланган танловда иштирокчилар ўртасидаги рақобат муҳитига салбий таъсир кўрсатиши ва иштирокчиларнинг сонини чеклаши мумкин бўлган талаблар киритилганлиги маълум бўлди.
Юқоридагиларга асосан, ҳудудий бошқарманинг ўрганиш ишлари хулосасига асосан, Ичан-қалъа давлат музей-қўриқхонаси томонидан ўтказилган танлов савдоси ва Хива шаҳридаги 97-сон ихтисослаштирилган давлат мактаб-интернати томонидан эълонга мувофиқ ўтказилиши режалаштирилган танлов савдоси буюртмачилар томонидан ихтиёрий равишда бекор қилинишига эришилди.