Расмий муносабат
Ижтимоий тармоқ орқали “Қачонки муаммо бўлса Экология ва «Еко кластер» МЧЖ ҳудуд айланадими ёки фақат интернетга чиқишини кутадими?” мавзуида бир қатор фуқароларнинг танқидий мурожаати қолдирилган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Рақобат қўмитасининг Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан мурожаатни ўрганиш жараёнида Хонқа тумани “Гулистон” МФЙ ҳудудидаги Янгибоғ кўчасида жойлашган хонадонлардан маиший чиқиндини олиб чиқиб кетиш бўйича белгиланган график-жадвалга умуман риоя қилинмаётгани, оқибатда куннинг иссиқ кунларида атроф-муҳитга зарар етказаётгани маълум бўлди.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 19-моддасида “Ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шарт” деб белгилаб қўйилган, 21-моддасида эса “Сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмаслиги” кўрсатиб ўтилган.
Ўрганиш натижасида мазкур ҳудуд билан чиқиндиларни ташиб кетиш хизмати бўйича шартнома тузган “Eko Klaster» MЧЖ томонидан Янгибоғ кўчаси ва хонадонларда ойлар давомида тўпланиб қолган чиқиндилар ташиб кетилиши таъминланди. Шунингдек, аҳолига тўлиқ, ўз вақтида, белгиланган муддатда хизмат кўрсатиш бўйича тузилган шартнома асосида ҳафтанинг ҳар шанба кунлари чиқинди машиналари келиши қатъий этиб белгилаб қўйилди.