Ижтимоий тармоқ орқали “Янги олинган “Cherry”нинг узатмалар қутиси (коробкаси) йўлнинг ўртасида ишламай қолибди. 5 йиллик кафолат бор деб сотган автосалон 1 ойдан бери на машинани тузатиб бергани ва на алмаштириб бергани айтилмоқда!” мавзуида танқидий мурожаат қолдирилган.
Рақобат қўмитаси мазкур мурожаатни “ADM-ASTER” МЧЖ ҚК билан ҳамкорликда ўрганиб чиқди. Мурожаатда билдирилганидек, ҳақиқатан ҳам «Cherry» Роҳат компаниясининг сервис хизмати томонидан фуқарога тегишли «Cherry Tiggo 7 Pro Premium» маркали автомобили кафолат муддатида таъмирлаб берилмагани маълум бўлди.
Ўзбекистон Республикаси Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддасида истеъмолчига нуқсонли товар сотилганда унинг ҳуқуқлари белгилаб берилган.
Нуқсонли товар сотилганда истеъмолчи, агар бу ҳол шартнома тузиш пайтида айтиб ўтилмаган бўлса, ўз хоҳишига қараб қуйидагилардан бирини талаб қилишга ҳақли:
– товарни айни шундай маркали (моделли, артикулли) мақбул сифатли товарга алмаштириб бериш;
– товарни бошқа маркали (моделли, артикулли) шундай товарга алмаштириб, унинг харид нархини тегишинча қайта ҳисоб-китоб қилиш;
– товарнинг нуқсонларини бепул бартараф этиш ёки истеъмолчининг ёхуд учинчи шахснинг нуқсонларни бартараф этишга қилган харажатларини қоплаш;
– харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтириш;
– шартномани бекор қилиб, кўрилган зарарни қоплаш.
Ўрганиш натижаларига кўра, “Cherry” автомобилининг нуқсонли эҳтиёт қисми яъни автомат узатиш қутиси янгисига алмаштириб, ўрнатиб берилиши таъминланди.