Ижтимоий тармоқ орқали “UZUM MARKET”дан харид қилинган буюртмалардан баъзилари “кечикаётгани”…” юзасидан мурожаат қолдирилган.
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мазкур мурожаат юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Ўрганишлар жараёнида “UZUM MARKET” МЧЖ ХК орқали 1 миллион 350 минг сўмлик маҳсулотлар буюртма қилингани, илова бўйича текшириб кўрилганда ушбу маҳсулотлар харидорга етказилганлиги, бироқ келтирилган буюртмалар ичида бир нечта маиший кимё товарлари йўқлиги, истеъмолчининг бу борада жамиятга қилган мурожаатлари эса ҳал этилмаётганлиги маълум бўлди.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг:
1-моддасига мувофиқ, товар (иш, хизмат)нинг нуқсони – товар (иш, хизмат)нинг норматив ҳужжатларнинг мажбурий талабларига, шартнома шартларига ёхуд товар (иш, хизмат)нинг сифатига одатда қўйиладиган талабларга номувофиқлиги ҳисобланади.
6-моддасига мувофиқ, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) истеъмолчига ўзи реализaция қилаётган товар (иш, хизмат)лар ҳақида ўз вақтида зарур, тўри ва тушунарли маълумот бериши шарт.
281-моддасига мувофиқ, Товарни намуна ва (ёки) унинг тавсифи бўйича реализaция қилиш чоғида сотувчи (ижрочи) намунага ва (ёки) тавсифга мувофиқ бўлган товарни тақдим этиши, шунингдек истеъмолчига товарни қабул қилиб олишида унинг бутлигини, яроқлилигини ва истеъмол хусусиятлари тўлиқ сақланганлигини текшириш имкониятини бериши шарт. Агар товар намунага ва (ёки) тавсифга мувофиқ бўлмаса, сотувчи (ижрочи) истеъмолчини бу ҳақда олдиндан хабардор қилиши керак. Товар намунага ва (ёки) тавсифга мувофиқ бўлмаган ҳолларда, истеъмолчи уни алмаштиришни ёки пул суммасини қайтаришни талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Товарни қайтариб бериш билан боғлиқ барча харажатлар сотувчининг (ижрочининг) зиммасида бўлади.
Истеъмолчининг айбисиз етказилган шикастлантиришлар, шунингдек товарни кўздан кечириш ва уни текшириб кўриш мақсадида қадоғини очиш сабабли товар қийматининг пасайиши истеъмолчини шартномани бекор қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Электрон тижорат тўғрисида”ги Қонуннинг 12-моддасига мувофиқ, электрон тижорат операторлари қонунчилик талабларига риоя етиши шартлиги белгиланган.
Қўмита томонидан корхонага мазкур тартиб-қоидалар ушунтириб ўтилди, натижада ҳолат “UZUM MARKET” МЧЖ ХК томонидан ихтиёрий бартараф этилди. Буюртмадаги кечиктирилган маҳсулотларни истеъмолчига етказилиши таъминланди.