Монополияга қарши курашиш қўмитасига тадбиркорлик субъектларидан кўплаб мурожаатлар келиб тушади. Мурожаатларнинг аксарияти ўтказиладиган давлат харидларига, асосан танлов (тендер) савдолари билан боғлиқдир. Ўзбекистон Республикасининг «Давлат харидлари» тўғрисидаги Қонуннинг 4-моддасида давлат буюртмачисининг касбий маҳорати, асосланганлик, молиявий маблағлардан фойдаланишнинг оқилоналиги, тежамкорлиги ва самарадорлиги, очиқлик ва шаффофлик, коррупцияга йўл қўймаслик принциплари кўрсатиб ўтилган. Афсуски айрим ҳолларда бу принципларга риоя этилмаслиги натижасида норозиликлар вужудга келмоқда.
Жумладан, Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан “DEDEMAN” МЧЖ раҳбарининг мурожаатига асосан,“Бухоросувқурилишинвест”ДК томонидан tender.mc.uz орқали эълон қилинган электрон тендер тизимида бошланғич нархи 4 026 328 403,0 сўм бўлган “Бухоро тумани «Тўдакўл» ҳудудидаги ерларни ўзлаштириш мақсадида 5 км канал, 5 км коллектор қуриш ва 1 дона насос агрегати ўрнатиш ишларини бажариш учун 16004-лот орқали эълонга берилган тендер савдолари ўрганилди.
Ҳудудий Бошқарма томонидан мазкур мурожаат бўйича ўрганиш олиб борилганда ушбу лот бўйича эълонга берилган тендер савдоси бўйича харид комиссиясининг муҳокамаси 17.12.2021 йилда якунланганлиги, тендер савдосида “DEDEMAN” МЧЖ, “MELIORATSIYA IRIGATSIYA BARAKA SERVIS» МЧЖ ва «ZIYO SAN’AT» МЧЖлар ҳамда қатнашганлиги ва натижада “DEDEMAN” МЧЖ тендер савдоси ғолиби деб эътироф этилганлиги аниқланди. Бироқ, буюртмачи томонидан ғолиб деб эътироф этилган “DEDEMAN” МЧЖ билан шартнома тузишдан бош тортганлиги аниқланди.
Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 19-моддасида давлат буюртмачиси харид қилиш тартиб-таомилларининг ғолиб деб топилган иштирокчилари билан шартномалар тузиши, шунингдек, уларнинг ижро этилишини таъминлаши, 44-моддасида Давлат буюртмачиси давлат хариди бекор қилинганлиги учун жавобгар бўлмаслиги, бундан бекор қилиш давлат буюртмачисининг ғайриқонуний ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) оқибати бўлган ҳоллар мустасно эканлиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 февралдаги 55-сонли қарори билан тасдиқланган Низомнинг 9-бобида буюртмачи танлов ғолиби аниқланган пайтдан бошлаб ғолиб ташкилотга икки иш куни ичида танлов якунларига кўра акцепт юбориши,акцепт юборилган вақтдан бошлаб танлов тугалланган ҳисобланиши, акцепт танлов бекор қилинмаган ҳамда танлов тартиб-таомиллари бузилмаган тақдирда юборилиши мумкинлиги, буюртмачи ғолиб бўлган танлов таклифи акцептига қадар исталган вақтда танловни бекор қилиш ҳуқуқига эга эканлиги,танлов бекор қилинган тақдирда, буюртмачи порталда мазкур қарорнинг асосланган сабабларини эълон қилиши,танлов натижалари бўйича шартнома танлов ҳужжатларида ва шартнома тузилаётган оферент томонидан берилган танлов таклифида кўрсатилган шартлар асосида танлов ғолиби эълон қилинган пайтдан бошлаб ўн кун муддатдан кечикмай тузилиши белгиланган.
Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасида савдолар ўтказишнинг қонун ҳужжатларида белгиланган тартибини бузиш,савдолар иштирокчиларини асоссиз равишда четлаштириш, савдоларнинг ташкилотчилари ва (ёки) буюртмачилари томонидан савдолар иштирокчиларининг фаолиятини мувофиқлаштириш, савдоларнинг битта ёки бир нечта иштирокчисига савдоларда қатнашиш учун имтиёзли шарт-шароитлар яратиб бериш таъқиқланиши белгиланган.
Ўрганишлар натижасида ушбу танлов ғолиби томонидан тақдим этилган танлов предмети қийматининг 20 фоизи миқдоридаги айланма маблағи билан таъминланганлиги тўғрисидаги банк маълумотномаси 01.01.2021 йил ҳолатида эмас балки, 01.10.2021 йил ҳолатига эканлиги, объектда қурилиш-монтаж ишларини бажариш графиги билан ишларни молиялаштириш графиги бир-бирига мувофиқ эмаслиги важлари билан мазкур танлов натижалари буюртмачи томонидан асоссиз рад қилиниши, ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 5 февралдаги 55-сонли қарори билан тасдиқланган Низомда кўрсатилган талабларнинг бузилишига йўл қўйилганлиги аломатлари юзасидан Бошқарма томонидан иш қўзғатилиб, махсус комиссиянинг қонунбузилишини тўхтатиш, бартараф этиш ва келгусида бундай камчиликларга йўл қўймаслик бўйича бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмаси берилди.
Шу билан бирга, Бухоро туманлараро маъмурий судининг 2022 йил 8 апрелдаги ҳал қилув қарорига асосан “Бухоросувқурилишинвест” ДКнинг Монополияга қарши курашиш қўмитаси Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси кўрсатмаси устидан қилган шикоят аризасини қаноатлантириш рад этилган.
Бугунги кунда “Бухоросувқурилишинвест” ДКнинг мансабдор шахсига нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома тузилиб, хужжатлар маъмурий жавобгарликка тортиш учун судга юборилди.