Сўнгги йилларда Ўзбекистонда туризм соҳасига, айниқса, ички туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Мамлакатимизнинг бой тарихий мероси, гўзал табиати ва маданий ютуқларини кенг тарғиб этиш, аҳоли ўртасида сайёҳлик маданиятини ошириш мақсадида давлат томонидан қатор ташаббуслар илгари сурилмоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ички туризмни жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-3514-сонли қарори мамлакатимизда ички туризмни ривожлантиришда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Мазкур қарорга мувофиқ, турли ташкилот ва идоралар томонидан ходимлар учун жамоавий ва оилавий саёҳатлар, маданий-маърифий экскурсиялар ҳамда зиёратлар ташкил этилмоқда.
Қарор ижросини таъминлаш мақсадида Рақобат қўмитаси ҳам ўз фаолиятида ички туризмни қўллаб-қувватлаб келмоқда.
Жорий йилнинг 26-27 апрель дам олиш кунлари Қўмита ходимлари Бухоро вилоятидаги қатор тарихий ва муқаддас зиёратгоҳларга ташриф буюрдилар. Бу саёҳат уларнинг юртимиз тарихи, меъморий ёдгорликлари ва миллий қадриятларимиз билан янада яқиндан танишишлари учун яхши имконият бўлди. Бу каби ташрифлар нафақат фаол дам олиш, балки жамоа ичидаги ўзаро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга ҳам хизмат қилади.
Шубҳасиз, бу каби амалий ишлар ички туризмни янада оммалаштириш, фуқароларнинг маданий-маърифий савиясини ошириш, миллий меросимизга бўлган қизиқишни кучайтириш ва соғлом турмуш тарзини тарғиб этишда муҳим аҳамиятга эга.