Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан топшириққа мувофиқ тадбиркорлик субъектларнинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати учун спиртга бўлган талаби ҳамда биржа савдолари орқали харид қилинган спирт миқдорининг ҳисобини юритиш юзасидан қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Хўжалик юритувчи субъектлардан истеъмол ва техник этил спиртига бўлган йиллик талабларини асословчи ҳужжатлари (тегишли лицензия ва мувофиқлик сертификатларини илова қилган ҳолда) билан Қўмита ва унинг ҳудудий органларига тақдим этишлари юзасидан расмий эълон берилган.
Хўжалик юритувчи субъектлар, вазирлик ва идоралар томонидан тақдим этилган маълумотлар таҳлил қилиниб, истеъмол ва техник этил спиртини харид қилиш бўйича тегишли лицензия ва сериялаб ишлаб чиқариладиган маҳсулот учун берилган мувофиқлик сертификатига эга бўлган ишлаб чиқарувчилар ҳамда фақат ўз эҳтиёжлари учун харид қилувчи охирги истеъмолчилар рўйхатини электрон шакллантириш мақсадида Қўмитанинг “FAIR TECH” ягона ахборот тизимида “Этил спирти хариди назорати” бўлими яратилди.
Шунингдек, Қўмита ҳамда унинг ҳудудий органлари томонидан Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлиги, Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳузуридаги Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги ҳамда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси билан ҳамкорликда республикада фаолият юритаётган алкоголь маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг тегишли лицензиялари, ишлаб чиқариш қувватлари, йиллик ишлаб чиқаришда талаб этиладиган истеъмол ва техник этил спирти маҳсулоти ҳажмлари ва бошқа тегишли маълумотлар олинди ҳамда маълумотлар ахборот тизимга киритилиши таъминланиб келинмоқда.
Шунга кўра, бугунги кунда биржа савдоларида истеъмол ва техник этил спиртини харид қилиш учун рухсат этиладиган 250 тадан ортиқ хўжалик юритувчи субъектларнинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, товар-хом ашё биржаларига тақдим этилди.
Жорий йил 1-21 июнь кунлари биржа савдоларга жами 635 минг декалитр этил спирти 1 декалитр учун ўртача 269 минг сўмдан қўйилиб, 285 минг декалитри (45 фоизи) 63 та хўжалик юритувчи субъектлар томонидан мазкур нархларда харид қилинган.