Реклама тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида, Қўмита томонидан оммавий ахборот воситаларидаги рекламалар мунтазам равишда ўрганилмоқда.
Бугунги кунда ижтимоий тармоқлар орқали биологик фаол қўшимчаларнинг рекламаси амалдаги реклама тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатлари талабларига номувофиқ ҳолда берилиши кузатилмоқда ва уларнинг кучли таъсири ва терапевтик самарадорлиги ҳақида асоссиз даъволар илгари сурилмоқда.
Шунингдек, биологик фаол қўшимчаси рекламасида, турли оғир касалликларга чалинган беморлар томонидан, ушбу маҳсулотларни истеъмол қилиш натижасида уларнинг аҳволи яхшиланганлиги ҳақида лавҳалар жойлаштирилмоқда.
Бу борада, Қўмита томонидан ижтимоий тармоқларда ўтказилган ўрганишлар давомида қуйидаги номлари келтириб ўтилган БФҚларнинг номувофиқ бўлган рекламалари юзасидан тегишли ҳуқуқий-таъсир чоралари кўрилган:
🔵“Stop Diabet” БФҚ;
🔵“Effect Herbals” БФҚ;
🔵“Fito Diabetic” БФҚ;
🔵“Biomalham” БФҚ;
🔵“Gemopro” БФҚ;
🔵“Gemmoroid Plus” БФҚ;
🔵“Visu Caps” БФҚ.
Қўмита сўрови бўйича Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси берган хулосага асосан, юқоридаги БФҚ маҳсулотларининг қўллаш йўриқномасида кўрсатилган маълумотлар ижтимоий тармоқларда рекламаларда қайд этилган хусусиятлари билан мос эмаслиги маълум қилинган.
Қўмита томонидан ахборот ресурслари орқали жойлаштирилган рекламаларнинг амалдаги реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мослиги юзасидан ўрганиш ва таҳлил ишлари давом эттирилмоқда.
Рақобат қўмитаси фуқароларимизни ҳар бир маҳсулотни сотиб олганда уларнинг таркибини диққат билан ўрганиб чиқишга, сертификатланганлигини текшириб, фақатгина шифокор билан маслаҳатлашган ҳолда қабул қилишга чақиради!