Рақобат қўмитасининг Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ҳудудда фаолият юритаётган тиббиёт муассасаларидаги тиббиёт учун мўлжалланган ўлчаш ва синаш воситаларининг метрологик кўрикдан ўтказилганлиги ҳолати ва улардан беморлар кўригида фойдаланилиши ҳолати таҳлил қилинди.
Ўрганиш ҳудуддаги 3 та тиббиёт муассасаси – Қашқадарё вилоят Фтизиатрия ва Пульмонология маркази, Республика ихтисослаштирилган Кўз микрохирургияси илмий-амалий тиббиёт маркази Қарши филиали, Республика Ихтисослашган эпидемиология, микробиология, юқумли касалликлар илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё вилоят филиалларида 2022-2023 йиллар мобайнида ўлчаш ва синаш воситаларининг метрологик кўрикдан ўтказилганлиги ҳолати ва улардан беморлар кўригида фойдаланилиши орқали истеъмолчилардан олинган тўловлар маълумотларининг солиштируви асосида ўтказилди.
Таҳлил натижаларига кўра,
Қашқадарё вилоят Фтизиатрия ва Пульмонология марказида истеъмолчиларга кўрсатилган хизматлар ҳисобидан 3051 нафар номуайян истеъмолчига 98 013 000 сўмлик 5 та хизмат тури бўйича;
Республика ихтисослаштирилган Кўз микрохирургияси илмий амалий тиббиёт маркази Қарши филиалида 1718 нафар номуайян истеъмолчига 77 932 000 сўмлик 4 та хизмат тури бўйича;
Республика Ихтисослашган эпидемиология, микробиология, юқумли касалликлар илмий амалий тиббиёт маркази Қашқадарё вилоят филиалида эса 1409 нафар номуайян истеъмолчига 42 270 000 сўмлик 1 та хизмат тури бўйича беморларга метрологик текширувдан ўтказилмаган тиббий синаш ва ўлчаш воситалари қўлланилган ҳолда хизматлар кўрсатилганлиги аниқланди.
Ҳудудий бошқарма томонидан ўрганишда аниқланган ушбу ҳолатлар бўйича юқоридаги тиббиёт масканларига нисбатан метрологик кўрикдан ўтказилмаган тиббий синаш ва ўлчаш воситаларидан фойдаланиб беморларга тиббий хизматлар кўрсатилганлиги ҳолати учун Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг 4-, 12-, 19- ва 27- моддалари талаблари бузилиши аломатлари бўйича иш қўзғатилиб, мазкур иш ҳудудий бошқарманинг махсус комиссиясида кўриб чиқилди ва бу тиббиёт масканларига нисбатан қонунбузарлик ҳолатининг бартараф этилиши юзасидан бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилди ва ўрганишда аниқланган қонунбузарлик ҳолатлари натижасида олинган даромад суммалари тиббиёт масканлари томонидан қайта ҳисоб-китоб қилиниши таъминланмоқда.