2024 йил 22 октябрь куни Тошкентда «Барқарор инвестициялар ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш орқали аҳоли фаровонлигини ошириш» мавзусида халқаро конференция ўтказилди.
Тадбирда 15 та хорижий компаниялар ва 80 га яқин маҳаллий компания вакиллари иштирок этдилар.
Конференцияда Рақобат қўмитаси раис ўринбосари Фаррух Карабаев мамлакатдаги ислоҳотлар ва келгусидаги режалар ҳақида батафсил маълумот берди. Жумладан, рақобат сиёсатини ривожлантириш ва давлат иштирокини қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида тўхталиб ўтди. Шу билан бирга, Бозорда давлат иштирокини камайтиришга қаратилган «сариқ саҳифалар» тамойилини қабул қилиш каби муҳим ўзгаришларни санаб ўтди.
Шунингдек тадбирда
АҚШ-Ўзбекистон савдо палатаси ижрочи директори Елена Сон инвестицион ислоҳотлар Америка компаниялари учун кенг имкониятлар яратишини таъкидлади.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Акрам Алиев 2017-2023 йилларда мамлакат ялпи ички маҳсулоти 60 миллиард доллардан 90 миллиард долларгача ошгани, инфляция 15 фоиздан 8 фоизга тушгани ва камбағаллик даражаси 17 фоиздан 11 фоизга камайгани ҳақида маълумот берди.
Германия халқаро ҳамкорлик фонди вакили Лия Граубергер тадбиркорликни рағбатлантиришнинг аҳамиятига эътибор қаратди.
Макс Планк жамияти рақобат ва инновациялар институти тадқиқотчиси Дариа Ким ва «IPOTEKA BANK» АТИБ Кузатув кенгаши Раиси Шандор Рети ўз тажрибалари билан ўртоқлашдилар.
Тадбир давомида қатнашчилар Ўзбекистоннинг сармоявий имкониятлари ҳақида кўпроқ маълумот олиш билан бирга, ҳамкорликни янада кенгайтириш юзасидан истиқболли режаларни муҳокама қилдилар.