Асоссиз қарздорлик ҳолатлари юзасидан электр таъминотига киритилган вақтинчалик чекловларни қайта кўриб чиқиш юзасидан Чиқиндиларни бошқариш агентлигига сўров юборилди
Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий органларига 2025 йил давомида қаттиқ маиший чиқиндиларни ташиш хизматлари бўйича 1141 та мурожаатлар келиб тушган бўлса, 2026 йилнинг дастлабки ойларида, ушбу масала юзасидан 850 дан ортиқ мурожаат қайд этилиб, сезиларли даражада мурожаатлар сони ортганлиги кузатилди.
Мурожаатларда асосан чиқиндиларни ўз вақтида олиб кетилмаслиги, хизматлар сифати пастлиги, шартнома шартларига амал қилинмаслиги, шунингдек, хизмат кўрсатувчи корхоналар томонидан асоссиз қарздорлик ҳисобланиши ҳамда бунинг оқибатида фуқароларнинг электр энергияси тўловларига чекловлар қўйилгани юзасидан ҳақли эътирозлар билдирилган.
Ўрганишлар давомида айрим ҳудудларда чиқиндиларни олиб чиқиб кетишнинг белгиланган минимал даврийлигига амал қилинмаётгани ҳамда фуқароларга асоссиз қарздорликлар ҳисобланаётгани аниқланди. Мурожаатларнинг асосий қисми Наманган, Қашқадарё, Жиззах, Тошкент ва Фарғона вилоятларига тўғри келмоқда.
Шу муносабат билан, истеъмолчилар ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида Рақобат қўмитаси томонидан:
🟠чиқиндиларни ўз вақтида ва сифатли олиб чиқиб кетишни таъминлаш,
🟠асоссиз қарздорликлар ҳисобланишининг олдини олиш,
🟠асоссиз қарздорлик сабаб электр энергияси тўловларига киритилган чекловларни қайта кўриб чиқиш
✍️ чораларини кўриш юзасидан Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигига сўров юборилди.
Амалдаги қонунчиликка кўра, қаттиқ маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш хизматлари белгиланган муддат ва даврийликда амалга оширилиши шарт. Шунингдек, хизмат кўрсатилмаган ёки сифатсиз кўрсатилган ҳолларда истеъмолчи тегишли давр учун тўловдан озод этилиши белгиланган.
Эслатма
🟠Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 6 февралдаги 95-сон қарори билан тасдиқланган қоидаларга кўра, қаттиқ маиший чиқиндилар белгиланган минимал даврийлик асосида олиб чиқилиши шарт (16-банд), хизмат сифатсиз кўрсатилганда ёки умуман кўрсатилмаган тақдирда истеъмолчи тўловдан озод қилинади (33-банд).
🟠“Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун:
🟠4-модда — истеъмолчи тўлиқ ва ишончли маълумот олиш ҳамда сифатли хизмат талаб қилиш ҳуқуқига эга;
🟠19-модда — хизматлар шартнома ва қоидаларда белгиланган муддат ва сифатда кўрсатилиши шарт;
🟠21-модда — кўрсатилмаган хизмат учун ҳақ олиш тақиқланади.
🟠Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 16 октябрдаги 648-сон қарорига мувофиқ, чиқиндиларни бошқариш соҳасида қарздорлик ҳисобини юритиш ва таҳлил қилиш ҳамда уни бартараф этиш чораларини кўриш тегишли агентлик вазифаларидан ҳисобланади.
🟠“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 9-моддасига мувофиқ, хизмат кўрсатувчи субъектлар шартнома мажбуриятларини бажариши ва истеъмолчилар ҳуқуқларига риоя қилиши шарт.
Қўмита фуқароларни хизмат сифати билан боғлиқ ҳолатларда мурожаат қилишга чақиради ва бу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилишини маълум қилади.






