Андижон ва Фарғона вилоятларида тадбиркорлар учун ташқи реклама соҳасидаги қонунчилик талаблари юзасидан учрашувлар ўтказилди
Рақобат қўмитаси, унинг ҳузуридаги «Рақамли трансформация ва аутсорсинг маркази» ДМ ҳамда қўмитанинг Андижон ва Фарғона вилояти ҳудудий бошқармалари, ҳамкор ташкилотлар билан тадбиркорлик субъектлари учун “Ташқи рекламани тўғри ва қонуний жойлаштириш” мавзусида учрашувлар ташкиллаштирилди.
Тадбирларнинг асосий мақсади — тадбиркорларга реклама соҳасидаги амалдаги қонунчилик талабларини тушунтириш, ташқи реклама воситаларини жойлаштиришда йўл қўйиладиган хатоларнинг олдини олиш, шу орқали уларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишдан иборат бўлди.
Иштирокчиларга “Реклама тўғрисида”ги ҳамда “Давлат тили тўғрисида”ги қонун нормалари бўйича атрофлича маълумотлар берилди. Мутахассислар томонидан реклама жойлаштиришдаги асосий меъёрлар, ташқи реклама объектларини қўйишдаги рухсат бериш тартиби ҳамда давлат тилидаги ёзувларнинг тўғри қўлланилиши ҳақида амалий тавсиялар берилди.
Шунингдек, тадбирларда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига мутахассислар томонидан тўлиқ жавоб олдилар, шу билан бирга мавзуга оид таклиф ва мулоҳазаларини билдиришди.
Очиқ мулоқот ва ўзаро фикр алмашув руҳида ўтган учрашувларда тадбиркорларда реклама соҳасидаги ҳуқуқий билим ва кўникмаларни мустаҳкамлаш, қонун талабларига риоя этиш маданиятини оширишга хизмат қилди.








