Айрим оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар (Telegram каналлари)да “Ўзбекистонда АИ-80 бензин сотиб олишда чекловлар жорий қилинди, бу АЁҚШларда бензин тақчиллигига сабаб бўлиши мумкин” сарлавҳаси остида аниқлаштирилмаган ахборот тарқатилмоқда.
Биржа савдоларида, бензиннинг 80 фоизи 1 тн лотларда қолган қисмида вагон нормасида (60 ва 55 тн) сотилмоқда ва бугунги кунда биржа савдоларида АИ-80 бензинини сотиб олиш бўйича чеклов ўрнатилмаган.
Аксинча, агар август ойида жами кунлик 2,8 минг тн маҳсулот қўйилган бўлса, октябрь ойида эса ўртача 3,2 минг тндан савдога чиқарилмоқда, яъни таклиф 14 фоизга оширилган, бу эса кўпроқ харидорларга маҳсулотни олишга имконият яратади.
Бензинга талабнинг мавсумийлигини ҳамда нархларнинг юқори даражада тез ўзгарувчанлигини ҳисобга олган ҳолда Қўмитага амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ нархларни барқарорлаштириш мақсадида, бир савдода маҳсулот харид қилинишининг максимал миқдорини белгилаш ваколати берилган ва ушбу чора маҳсулотга талабнинг ошиши даврида бир неча йилдан буён бозор мувозанатини барқарорлаштириш учун давлат томонидан қўллаб келинадиган номонетар восита ҳисобланади.
Бундан келиб чиқиб, жорий йилнинг август ойида бензин нархларининг ошиши натижасида маҳсулот харид қилинишининг максимал миқдори 5 тн этиб белгиланган эди.
Ўз навбатида, мазкур чоралар ҳамда таклифни оширилиши жорий йилнинг сентябрь ойи охирида ҳамда октябрь ойининг биринчи ярмида биржа савдоларида бензин нархларининг 10 фоизгача пасайишига ва бир мунча барқарорлашишига олиб келди.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, шунингдек жаҳон бозорларидаги юзага келган салбий тенденциялардан (нефть нархларининг ошиши, бензин экспортига ўрнатилган чекловлар) келиб чиқиб импорт нархларининг ички бозорга таъсирини юмшатиш мақсадида 17 октябрдан маҳсулот харид қилинишининг максимал миқдори 10 тнгача оширилди.
Бугунги кунда, республикадаги 2 мингдан ортиқ АЁҚШларнинг 99 фоизида АИ-80 бензини 6800 сўмгача бўлган барқарор нархларда сотилмоқда.
Шу билан бирга, жорий йилнинг 19 октябрида Қўмитада Энергетика вазирлиги, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Солиқ қўмитаси, “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “SANOAT ENERGETIKA GURUHI” МЧЖ XK, “ЎзРТХБ” АЖ ҳамда “Ўзэнергоинспекция” вакиллари иштирокида савдога чиқарилаётган бензин ҳажмларини ошириш ҳамда нархларини барқарорлигини таъминлаш масалалари муҳокамаси бўлиб ўтди.
Бунда, ишлаб чиқарувчилар томонидан маҳсулотнинг қўшимча ҳажмларини биржа савдоларига чиқариш бўйича аниқ чоралар ҳамда чакана нархларнинг асоссиз ошишини олдини олиш бўйича Қўмитада Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти, Солиқ қўмитаси ва “Ўзэнергоинспекция” билан биргаликда республика ва ҳудудий ишчи гуруҳлар тузилиши белгиланди.
Бензин билан таъминлашда, Қўмита тегишли мутасадди вазирлик ва идоралар билан биргаликда бензин бозорида танқислик ва ажиотажни олдини олиш бўйича ўз ваколатларидан келиб чиқиб тезкор зарур чораларни кўриб боради.
Бугунги кунда бензин билан таъминлаш масалаларида ажиотажга сабаб бўладиган омиллар мавжуд эмаслигини маълум қиламиз.