Бугунги кунда дўконларда ва онлайн савдода “Акция!” “Чегирма!” “Фақат бугун!” каби ёзувлар кўп учрайди. “70% чегирма!”, “Сўнгги имконият!” деган ёрқин лавҳалар харидорни ром этади. Аммо аксарият ҳолларда бу чегирмалар ҳақиқий эмас. Шу боис истеъмолчиларни бундай маркетинг ҳийлаларидан ҳимоя қилиш, чегирмаларга ҳуқуқий аниқлик киритиш мақсадида давлат томонидан махсус тартиб лойиҳаси ишлаб чиқилди. Янги талаблар энди акция ва чегирмалар қонуний асосга эга бўлишини таъминлашга қаратилган. Шу ҳақида мутахассис батафсил маълумот беради.
Ботир Шарипов,
Рақобат қўмитаси бошқарма бошлиғи ўринбосари:
— Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 30 январдаги ПФ-16-сон Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга оширишга оид Давлат дастурида, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида, чакана савдода акция ва чегирмаларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш ва давлат назоратини таъминлаш вазифаси белгиланган.
Лойиҳанинг асосий мазмуни
Янги ҳуқуқий ҳужжатда авваламбор “акция” ва “чегирма” тушунчаларига аниқ таъриф берилмоқда. Энди ҳар бир чегирма шартлари қонуний белгилаб қўйилади:
Акция – истеъмолчиларни жалб қилиш ва савдони фаоллаштириш учун қўлланиладиган махсус таклиф.
Чегирма нарх – аввалги ҳақиқий нархдан маълум фоиз ёки суммада пасайтирилган нарх.
“Чегирмагача бўлган нарх” – охирги 30 кун ичида амал қилган энг паст нарх сифатида белгиланади ва бу нархнинг ҳаққонийлигини сотувчи исботлаши шарт.
Яъни, савдогар аввал нархни сунъий равишда ошириб, кейин арзонлаштиргандай кўрсатиши мумкин эмас. Агар акция ҳақиқий бўлса, унинг муддати, шартлари ва тартиби расмийлаштирилиши ва давлат назоратидан ўтиши керак.
янги мажбуриятлар
Рақобат қўмитаси томонидан акция ва чегирмалар тақдим этиш бўйича Германия, Франция, АҚШ, Канада, Жанубий Корея, Япония ва Хитой давлатларидан меъёрий амалиёт ўрганилди. Шу асосда янги мажбуриятлар белгиланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Чакана савдода акциялар ва чегирмаларни ташкил қилиш, ўтказиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарори билан ишлаб чиқилган талаблар:
✅ чегирма нархи фақат сўнгги 30 кун ичида амалда бўлган энг паст нархдан келиб чиққан ҳолда белгиланиши шарт;
✅ акциялар ҳақидаги маълумотлар солиқ органларига камида 10 кун олдин тақдим этилиши лозим;
✅ сунъий равишда нархни ошириб, кейин арзонлаштириб кўрсатиш ман этилади;
✅ сотувчилар акция ва чегирмалар тўғрисида аниқ, тўлиқ ва тушунарли маълумот тақдим этишлари керак (амал қилиш муддати, товар туркуми, шартлар ва ҳ.к.);
✅ акция давомида чегирмалар, бонус ва бошқа имтиёзлар амалда бўлиши таъминланиши лозим;
✅ товарлар нархига нисбатан чегирмалар аниқ кўрсатилиши, истеъмолчи сўраган тақдирда, аввалги нархлар ҳақидаги маълумот тақдим этилиши шарт.
АҲОЛИ фаоллиги МУҲИМ
Бу лойиҳа regulation.adliya.uz сайтида жамоатчилик муҳокамасига қўйилган. Вазирлар Маҳкамаси ва Адлия вазирлиги фуқаролардан ушбу жараёнда ўз таклиф ва фикрларини билдиришларини сўрайди.
Ҳар бир истеъмолчи нархлар арзонлашганига ишонади. Лекин 500 минг сўмлик маҳсулот “899 мингдан 499 минг сўмга тушди” деган ёлғонлар уларнинг ишончини суиистеъмол қилишга сабаб бўлади. Энди эса бу каби манипуляциялар чекланади, давлат томонидан назорат кучайтирилади.
Лойиҳа нафақат истеъмолчи манфаатини, балки савдода шаффофликни таъминлайди. Шу боис, жамоатчиликнинг бу жараёнга бефарқ бўлмаслиги ҳар қачонгидан муҳимдир.