Маълумки, истеъмолчилар учун рақобатнинг фойдали жиҳати — бу арзон нархлар,сифатли товар, иш ва хизматдир. Бунинг учун товар ёки молия бозорида рақобатчилар сони қанчалик кўп бўлса, нархлар, товар, иш ва хизматларда рақобат ҳам жадал бўлади. Бугунги кунда халқаро атамашуносликда рақобатга қарши келишув ёки мувофиқлаштирилган ҳаракатлар “картел” тушунчасида ифодаланади.
“Картел” лотинча “чарта” сўзидан келиб чиққаб бўлиб, “қоғоз”, италянчада “карта”, французчада “картелло” – “эълон”, “бирлашишга чақирув” маъноларини билдиради ва ХIХ асрдан бошлаб қўлланиб келинмоқда. Монополистик бирлашмалар синдикат, картел, концерн, трест кўринишида ташкил топган. Картелга энг мос мисол – бу 1860-1870-йилларда АҚШдаги темирйўл пассажир ва юк ташувлари бўйича юзага келган картел келишувларни қайд этиш мумкин. Бироқ, АҚШда монополияга қарши қонунчилик ва уларни қўллаш амалиёти кучайиши натижасида картел келишувларга, монополистик бирлашмаларга қарши кескин кураш бошланган. Бунда “Шерман қонуни”, “Селлер”, “Клейтон” ҳамда “Робинсон-Патман” қонунларининг қабул қилиниши ва амал қилиши катта аҳамиятга эга бўлган.
Шунингдек, Россияда Чор Россияси даврида монополия чекланмаган, жумладан, картел келишувлар очиқ ва эркин бўлган. Бунга мисол: 1887 йилдаги мис қувур заводлари,1897 йилдаги кўприк қуриш заводлари, 1908-йилдаги Уралбўйи туз ишлаб чиқарувчи заводлар келишувлари ва бошқалар ҳисобланади. Кейинчалик, Совет Иттифоқи даврида умумдавлат монополияси пайдо бўлди ва барча ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатиш тўлиқ давлат назорати ва буйруғи остида амалга оширила бошланди. 1991-1992 йилларда Россия Федерациясида “Рақобатни ҳимоя қилиш тўғрисида” Қонун қабул қилинган ва унда картел келишувларни тартибга солиш бўйича қоидалар киритилган.
ХХ аср бошларида Мексикада картеллар пайдо бўлган. Бунга АҚШ томонидан 1919-1933-йилларда алкогол маҳсулотларига чекловлар киритиши сабаб бўлган. Натижада картелчиларнинг ноқонуний даромади йилига 16-50 млрд.долларни ташкил этган.
Ўзбекистонда рақобатга қарши келишувларни тартибга солишга қаратилган меъёрий ҳужжат – Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 1 майдаги 256-сонли “Товар ва молия бозорларида монополияга қарши тартибга солишга доир норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Унда жаҳон амалиётининг фойдали жиҳатларини қамраб олган рақобатга қарши келишувлар ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларни аниқлаш тартиби тўғрисидаги 7 та низом тасдиқланган.
Хусусан, Рақобатга қарши келишувларни ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларни аниқлаш тартиби тўғрисида низом қоидалари Ўзбекистон Республикаси янги таҳрирдаги Конституциясининг талабларига мувофиқ ишлаб чиқилган. Низомда рақобатга қарши келишув, мувофиқлаштирилган ҳаракатлар, рақобатлашаётган ва рақобатлашмайдиган хўжалик юритувчи субъектлари каби тушунчалар аниқ ифода этилган.
Ўз навбатида, рақобатга қарши келишувлар ва ҳаракатлар ишлаб чиқаришни такомиллаштириш, техника тараққиётини юксалтириш, инновaцияларни жорий этишни рағбатлантириш, ишлаб чиқариш ва товарларни реализация қилиш ҳажмларини кўпайтириш ёки иқтисодий ўсишни рағбатлантириш ёхуд товарларнинг жаҳон товар ёки молия бозоридаги рақобатбардошлилигини оширишга қаратилган бўлса, ушбу Низомнинг 3 ва 4-бандларида назарда тутилган тақиқлар мазкур келишувлар ва ҳаракатларга нисбатан татбиқ этилмаслиги белгилаб қўйилди.
Низомнинг 9-бандида, рақобатга қарши келишув ёки мувофиқлаштирилган ҳаракатлар, шунингдек, иқтисодий фаолиятни мувофиқлаштириш белгиларини аниқлашнинг асосий босқичлари;
19-бандида, рақобатга қарши келишув ёки мувофиқлаштирилган ҳаракат иштирокчиси бўлган, мазкур келишув ёки ҳаракат содир этилганлиги ҳақида монополияга қарши органга биринчи бўлиб ихтиёрий равишда ариза билан мурожаат қилган жисмоний шахс, хўжалик юритувчи субъект, юридик шахслар бирлашмаси тегишинча маъмурий ва молиявий жавобгарликдан озод қилиниши кўрсатилган.
(Изоҳ: ЎРҚ-850-сонли “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 42-моддасида, рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун молиявий санкциялар пул ундириш (жарималар) тарзида қўлланилиши белгиланган бўлиб, бунда товар ёки молия бозорида рақобатни чеклашга олиб келувчи рақобатга қарши келишувлар тузганлик, мувофиқлаштирилган ҳаракатларни содир этганлик, хўжалик юритувчи субъектларнинг иқтисодий фаолиятини ушбу хўжалик юритувчи субъектларга алоқадор бўлмаган юридик ёки жисмоний шахслар томонидан четдан мувофиқлаштирганлик учун — товар ёки молия бозорида рақобат тўғрисидаги қонунчилик бузилган даврда, бироқ охирги уч йилдан ортиқ бўлмаган даврда хўжалик юритувчи субъектларга — рақобат тўғрисидаги қонунчиликни бузган ҳар бир хўжалик юритувчи субъектнинг товарни реализация қилишдан олинган тушуми суммасининг 5 фоизи ҳамда юридик шахсларнинг бирлашмаларига — келиб тушган аъзолик бадаллари суммасининг 5 фоизи миқдорида жарималар солинади).
Хулоса ўрнида шуни айтиш лозимки, мазкур низом мамлакатимизда рақобатни ривожлантириш, монополияга қарши курашиш, истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатлари устуворлигини таъминлаш, рақобатга қарши келишувлар ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларни аниқлашда муҳим дастуриалмал ҳужжат ҳисобланади.
Шохбоз Зарипов,
Қонун ҳужжатлари ва давлат органлари қарорларининг
рақобат муҳитига таъсирини ва давлат кўмаги
самарадорлигини баҳолаш бошқармаси
бош мутахассиси