НОМУВОФИҚ ДЕБ ТОПИЛДИ
Маҳсулотлар сифатини назорат қилиш, истеъмолга яроқсиз ҳамда техник жиҳатдан белгиланган меъёрларга жавоб бермайдиган маҳсулотлар айланмасининг олдини олиш бугунги кунда жуда долзарб аҳамият касб этмоқда. Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан ҳамкорликда назорат хариди ташкил этди. Жарёнда аниқланган ҳолат юзасидан Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси мутахассиси Норбек ЖуманиЁзов жавоб берди.
— Назорат хариди учун Тошкент шаҳридаги савдо шохобчаларидан 9 номдаги озиқ-овқат маҳсулотларидан намуналар харид қилинди ва белгиланган тартибда лабораторияларга синовдан ўтказиш учун тақдим этилди.
Маҳсулотларнинг сифати ва хавфсизлиги бўйича Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитасининг Миллий “Referens” ва “Texnostandart–NEO” МЧЖ ҳузуридаги аккредитациядан ўтган лабораториялари ўз хулосаларини берди. Синов натижаларида 9 номдаги озиқ-овқат маҳсулотларидан 8 номдагиси, яъни уларнинг 88 фоизи талабга номувофиқлиги маълум бўлди.
Жумладан, техник регламент ёки стандарт талаблари бўйича камчиликлар маҳсулотнинг таркиби, ёрлиқланиши ва қадоқланиши билан боғлиқ бўлиб, қуйидаги ишлаб чиқарувчи корхоналарга тегишли эканлиги аниқланди:
- “BRUNI” шоколадли кекс маҳсулоти – ишлаб чиқарувчи корхона “Almerro Group” МЧЖ;
- “SELLATILGAN MOL GO‘SHTI oliy nav” Консерваланган мол гўшти маҳсулоти – ишлаб чиқарувчи корхона “Marmaks” ҚК МЧЖ;
- “BIO KEFIR” кефир – ишлаб чиқарувчи корхона “DIL-BAH DAIRY GROUP” МЧЖ;
- “Qand” маҳсулоти – ишлаб чиқарувчи корхона “Prima industries group” МЧЖ;
- “Черноголовка” газланган салқинлантирувчи ичимлик – ишлаб чиқарувчи корхона “Aqua Products” МЧЖ ҚК;
- “Urussa” кунгабоқар ёғи – ишлаб чиқарувчи корхона “Resurs” мой экстракция заводи;
- “Кунжутное масло” ёғ маҳсулоти – ишлаб чиқарувчи корхона “Maxmadjon Nurafshon” ХК;
- “Sedana yog‘i” ёғ маҳсулоти – ишлаб чиқарувчи корхона “Maxmadjon Nurafshon” ХКлар.
Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунининг:
1-моддасига кўра, товарнинг нуқсони – товар норматив ҳужжатларнинг мажбурий талабларга, шартнома шартларига ёхуд сифат талабларига номувофиқлиги;
13-моддасига кўра, нуқсонли товар сотилганда, агар бу шартномада айтиб ўтилмаган бўлса, истеъмолчи ўз хоҳишига қараб қуйидагилардан бирини талаб қилишга ҳақли:
- товарни айни шундай маркали (моделли, артикулли) мақбул сифатли товарга алмаштириш;
- товарни алмаштиргач, унинг харид нархини тегишлича қайта ҳисоб-китоб қилиш;
- товар нуқсонини бепул бартараф этиш ёки истеъмолчининг ёхуд учинчи шахснинг нуқсонни бартараф этиш харажатларини қоплаш;
- харид нархини нуқсонга мутаносиб равишда камайтириш;
- шартномани бекор қилиб, зарарни қоплаш белгиланган.
МАЪЛУМОТ УЧУН
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 2 июндаги ПФ-6240-сон Фармонининг 3-бандига мувофиқ, санитария-эпидемиологик хулосаси мажбурий тартибда олиниши лозим бўлган озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига нисбатан мувофиқлик сертификатини олиш ихтиёрий равишда амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 12 июлдаги 490-сонли қарори билан тасдиқланган Озиқ-овқат маҳсулотини тамғалаш юзасидан унинг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентнинг 90-бандига асосан, назоратни амалга оширувчи давлат органлари Техник регламент талабларига номувофиқ озиқ-овқат маҳсулотлар муомалага чиқарилишининг олдини олиш, уларни муомаладан олиб қўйиш учун чора кўриши белгиланган.
Рақобат қўмитаси томонидан назорат хариди давомида аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва сифатсиз маҳсулот сотилишига чек қўйиш юзасидан чоралар кўрилмоқда.