2025 йилнинг биринчи чорагида Рақобат қўмитаси ва унинг ҳудудий бошқармалари, Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги ҳамда Санитария-эпидемиология осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси билан ҳамкорликда истеъмолчилар ҳаёти ва соғлиғи учун хавф туғдириши мумкин бўлган маҳсулотларни аниқлаш мақсадида мамлакат миқёсида кенг кўламли назорат харидлари амалга оширилди.
Бу тадбирлар доирасида 205 турдаги маҳсулотлар турли савдо нуқталаридан харид қилинди ҳамда улар белгиланган лабораторияларда экспертизадан ўтказилди. Текширув натижаларига кўра, 30 номдаги маҳсулот турлари амалдаги норматив ҳужжатларга жавоб бермаслиги маълум бўлди. Уларнинг 33,3% ош тузи, 10% колбаса, 13,3% сут ва сут маҳсулотлари ҳамда 43,4% бошқа турдаги маҳсулотлардир. Ушбу маҳсулотлар бўйича қонуний чоралар кўрилди ва тегишли ташкилотларга маълумотлар юборилди.
Ҳудудий кесимда аниқланган асосий қонунбузилиш ҳолатлари
Тошкент вилояти
Nazorat tadbiri davomida “TRENDMEAT” МЧЖнинг “Hislat Kopchenoe Myaso Yangilik” дудланган гўшт маҳсулотида ишлаб чиқарилган сана кўрсатилмаган. МЧЖга нисбатан маъмурий чоралар қўлланилиб, кўрсатма берилди.
Қорақалпоғистон Республикаси
“Арухан” ош тузининг йод даражаси талабга жавоб бермаслиги аниқланди. 250 дона маҳсулотга оид далолатнома расмийлаштирилиб, сотувчига кўрсатма берилди.
Қашқадарё вилояти
“Flash Up” энергетик ичимлиги, “Santal” суви ва тузланган бодринг маҳсулотлари харид қилиниб, сифати ўрганиш учун лабораторияга юборилди.
Наманган вилояти
“IMRON REVER GROUP” МЧЖнинг “Мўъжиза” пишлоғи ва “Farangiz” О.К.нинг “Чёрный принц” қандолат маҳсулотлари сифатсиз деб топилди. Қонун бузилиши бўйича мажбурий кўрсатмалар берилди.
Жиззах вилояти
Ш.Рашидов туманида сотилаётган “Океан” тузи истеъмолга яроқсиз деб топилди ва савдодан олиб ташланди.
Фарғона вилояти
“ALOHIDA” колбаса ва “DIRAN” томат пастаси маҳсулотларида техник регламентларга риоя қилинмаган. Мазкур ҳолатлар бўйича тегишли органларга маълумот берилди.
Сурхондарё вилояти
15 турдаги маҳсулот бўйича ўтказилган тадбирда 11 турдаги маҳсулотнинг яроқлилик муддати ўтиб кетгани маълум бўлди. 4 та маъмурий баённома расмийлаштирилиб, суд орқали жарималар қўлланилди.
Самарқанд вилояти
“Platium Metal Industri” МЧЖ ишлаб чиқарган арматура сифатсиз деб топилди ва 14 млн сўмдан ортиқ жарима қўлланилди.
Хоразм вилояти
“Flavis mojito strawberry”, “Pure Ginsenc energy” ва “Обжаренная килка в томатном соусе” маҳсулотларида қадоқлаш ва тамғалаш талаблари бузилган. Импорт қилувчи ҳақида маълумотлар йўқлиги қайд этилди.
Навоий ва Бухоро вилоятлари
Металл прокати, цемент ва турли ичимликлар сифат кўрсаткичлари бўйича синовдан ўтказилди. Мазкур маҳсулотларнинг техник ҳужжатларга мувофиқлиги бўйича экспертизалар амалга оширилмоқда.
Андижон вилояти
Ҳудудий бошқарма томонидан ўтказилган назорат харидлари учун Андижон шаҳридаги «Д.С.А.» МЧЖга қарашли савдо дўконидан қуруқ сут, ярим тайёр хамир маҳсулотлари, йогурт ва сариёғлардан, шунингдек, “А.П.”га тегишли савдо нуқтасидан ярим тайёр чучвара ва сут маҳсулотларидан намуналар харид қилинди. Мазкур маҳсулотлар амалдаги норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ сифат ва хавфсизлик кўрсаткичларини аниқлаш мақсадида лаборатория таҳлилига топширилди.
Ушбу назорат тадбирлари истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, саломатлик ва хавфсизликни таъминлаш борасида муҳим аҳамиятга эга. Қўмита ва ҳамкор идоралар томонидан келгусида ҳам бундай тадбирлар мунтазам амалга оширилиши белгилаб қўйилди.