- Истеъмолчи ҳуқуқи
185 МИЛЛИОН СЎМ АСОССИЗ ҚАРЗДОРЛИК БЕКОР ҚИЛИНДИ
Сўнгги йилларда электр энергиясидан фойдаланиш ҳажми ошиб бораётган бир вақтда ҳисоб-китобларда аниқлик ва шаффофликка бўлган талаб ҳам ортиб бормоқда. Афсуски, айрим ҳолларда техник ёки бошқа хатолар сабаб асоссиз қарздорлик ёзилиб, уларнинг қонуний манфаатлари бузилаётгани кузатилмоқда. Қарши шаҳрида фаолият юритаётган “GIDROBIONIKA” МЧЖ мисолида ҳам шундай ҳолат қайд этилди. Корхона тўловларни бажариб келаётган бўлса-да, электрон тизимдаги нотўғри маълумотлар асосида асоссиз қарз юзага келган.
Эксперт: Шахноза Толипова, Рақобат қўмитаси Қашқадарё вилояти ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси
— Олиб борилган ўрганишлар давомида, тадбиркор коммунал тўловларини ўз вақтида тўлаб боришига қарамасдан, унга электр таъминоти корхонасининг ходимлари электрон тизимда йўл қўйган техник хатолик сабаб, асоссиз 185 млн. сўмдан ортиқ нореал қарздорлик чиқарилгани аниқланди.
Махсус комиссия томонидан хизмат кўрсатувчи ташкилотга нисбатан “Рақобат тўғрисида”ги Қонун талаблари бузилиши юзасидан иш қўзғатилиб, ишни кўриб чиқиш якунлари юзасидан тадбиркорга асоссиз ҳисобланган қарздорлик ҳисобдан чиқарилиши таъминланди ҳамда ушбу қонун бузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича кўрсатмалар берилди.
Маълумот учун, “Рақобат тўғрисида”ги қонуннинг 18-моддасига асосан устун мавқега ёки устун музокара кучига эга бўлган хўжалик юритувчи субъектнинг ёки бир гуруҳ шахсларнинг пировард натижада рақобатни чеклашга ва (ёки) истеъмолчиларнинг, бошқа хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини камситишга олиб келадиган ҳаракатлари, шу жумладан қуйидаги ҳаракатлари устун мавқени ёки устун музокара кучини суиистеъмол қилиш деб эътироф этилади ҳамда тақиқланади:
n товарларнинг муомаласи ҳажмини товар ёки молия бозорида тақчилликни келтириб чиқариш ёки сақлаб туриш мақсадида нархларнинг ошишига ва (ёки) истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига зарар етказилишига олиб келадиган тарзда қисқартириш;
n шартнома предметига тааллуқли бўлмаган шартларни, шу жумладан молиявий маблағларни, бошқа мол-мулкни, мулкий ҳуқуқларни ўзга шахсга ўтказишга доир асоссиз талабларни мажбуран қабул қилдириш;
n товарни реализация қилишда ёки олишда камситувчи шарт-шароитларни белгилаш, шу жумладан товардан фойдаланиш шартларини мажбуран қабул қилдириш талаблари тақиқланган.
ФУҚАРОГА ТАЙИНЛАНГАН 33 МЛН. СЎМ ЖАРИМА БЕКОР ҚИЛИНДИ
Баъзида газ, электр каби коммунал хизматлардан фойдаланиш жараёнида фуқаролар асоссиз равишда қарздор деб топилаётгани ёки жаримага тортилаётган ҳолатлари учраб турибди. Бундай ҳолларда давлат органлари аралашуви орқали фуқароларнинг ҳуқуқлари тикланмоқда. Урганч туманида истиқомат қилувчи фуқаро Р.Х.га нисбатан ҳам шундай ҳолат содир бўлиб, у газ таъминоти бўлими томонидан табиий газ тизимига ноқонуний уланган деб топилиб, жаримага тортилган. Фуқаро ушбу қарордан норози бўлиб, Рақобат қўмитаси ҳудудий бошқармасига мурожаат қилган ва ўрганишлар жараёнида мазкур далолатнома асоссиз экани аниқланган.
Эскперт: Равшанбек Шарипов, Рақобат қўмитаси Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси масъул ходими
— Ушбу ҳолатда жарима асоссиз экани ўз тасдиғини топди. Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 12 октябрдаги 225-қарори билан тасдиқланган “Рақобат, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун иш қўзғатиш ва уни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан фуқарога расмийлаштирилган 33 471 360 сўм жарима бекор қилинди.
Фуқаро томонидан 2024 йил ноябрь – 2025 йил апрелгача истеъмол қилинган табиий газ ҳажми қайта ҳисоб-китоб қилинди.