Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш: муаммо ва ечимлар 15 март – Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқлари куни
2022 йил якунлари бўйича матбуот анжумани
Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси 2023-йил 14-март куни Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан “Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш: муаммо ва ечимлар” мавзуида конференция ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси томонидан 15-март – Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни бир қатор чора-тадбирлар белгилаб олинган.
Мазкур конференцияда дори воситалари ва биологик фаол қўшимчалар рекламаси, ундаги муаммо ҳамда ечимлар, маҳсулот ва хизматлар ҳақидаги маълумотларни истеъмолчиларга етказишда реклама ва тўғри маркетинг ёндашувининг аҳамияти, Молиявий хизматларда истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари: Европа амалиёти мавзуларида конференцияда фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Тадбирда Ўзбекистон ҳамда халқаро ташкилотлар раҳбар ва масъул вакилларининг соҳадаги янгилик, муаммо ва ечимлар юзасидан тақдимотлари бўлиб ўтди.
Шунингдек, конференцияда “German Sparkassenstiftung for International Cooperation” (Германия) ташкилоти билан ҳамкорликда Олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ташкиллаштирилган “Молиявий саводхон ёш истеъмолчи” онлайн олимпиадаси ғолиблари ҳамда жамоатчилик назоратида фаол блогер ва шахслар ҳам тақдирландилар. Ундан кўзланган асосий мақсад аҳоли, хусусан ёшларнинг ҳуқуқий билими ва саводхонлигини оширишдир.
Конференция давомида ўтказилган олимпиада ғолиблари Қўмитанинг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар. Шунингдек, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда Қўмита билан ҳамкорликда фаолият олиб бораётган оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳам муносиб тақдирландилар.
1962-йилнинг 15-март куни АҚШнинг ўша пайтдаги Президенти Жон Кеннеди Конгрессдаги чиқишида қилган маърузасида истеъмолчиларнинг бир қатор асосий ҳуқуқларини санаб ўтган эди, яъни танлаш ҳуқуқи; хавфсизлик ҳуқуқи; ахборот олиш ҳуқуқи; эшитилиш ҳуқуқи. Кейинчалик, бу ҳуқуқлар қаторига зиённи қоплатиш ҳуқуқи; истеъмолчилик таълими ҳуқуқи; асосий эҳтиёжларининг қондирилиши ҳуқуқи; соғлом атроф, табиий муҳитга эгалик ҳуқуқи киритилган. Ўшанда истеъмолчилар ҳуқуқи илк маротаба бундай юксак мақомда муҳокама қилинган эди. Шундан сўнг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг қарорига биноан, Бутунжаҳон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни АҚШ етакчиси Жон Кеннедининг айнан шу маърузасидан кейин нишонлана бошланган.
Бу сана ҳар йили Бутунжаҳон истеъмолчилар иттифоқи ташкилоти томонидан маълум бир мавзуга бағишланади.Масалан, жорий 2023-йилда эса 15-март куни «Тоза энергия ва маҳсулотларни истеъмол қилишга ўтиш орқали истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш» шиори остида ўтмоқда.
Ўзбекистонда аниқроғи, 1996-йил 26-апрель куни мамлакатимизда “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун қабул қилинганидан бери Бутунжаҳон Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни нишонлаб келинади.
Қўмита томонидан жорий йилнинг 15-март Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни муносабати билан 2 босқичдан иборат “Молиявий саводхон ёш истеъмолчи” онлайн олимпиадаси ўтказилди.Унда республикадаги олий ва ўрта махсус таълим муассасаларидан 500 нафар талаба иштирок этиб, ўзларининг молиявий соҳадаги билимларини намойиш қилдилар.
Қўмита томонидан 2023-йилнинг ўтган даври мобайнида истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида қуйидаги ишлар амалга оширилди:
Истеъмолчиларнинг муаммоларини ҳал қилиш: Истеъмолчиларнинг номуайян доираси ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича ўтказилган тизимли ўрганишлар ва келиб тушган мурожаатларга асосан жами 3 259 111 нафар истеъмолчиларга 75,6 млрд сўм зарар етказилганлиги аниқланиб, уларга 60,6 млрд сўм маблағлар қайта ҳисоб-китоб қилиниши натижасида 2 133 721 нафар истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари тикланишига эришилди. Қолган маблағларни истеъмолчиларга қайта ҳисоб-китоб қилиш ва уларнинг ҳуқуқларини тиклаш чоралари кўрилмоқда.
Жумладан: Ҳисобот даврида истеъмолчилар томонидан ўз ҳуқуқ ва манфаатлари бузилиши ҳолатлари юзасидан Қўмита ва унинг ҳудудий бошқармаларига жами 25 644 та (2021-йил давомида 26 249 та) мурожаатлар қилинган.
Мурожаатларнинг 10 277 таси (40,1 фоиз) уй-жой коммунал, транспорт хизматлари, 9 596 таси (37,4 фоиз) савдо ва умумий овқатланиш, 4 415 таси (17,2 фоиз) алоқа, молия ва ижтимоий хизматлар ҳамда 1 356 таси (5,3 фоиз) реклама муносабатлари ва бошқа масалаларга тўғри келади.
Мазкур мурожаатларнинг 19 905 таси ёки 80,6 фоизи (13 604 таси қаноатлантириш ва 6 301 таси ҳуқуқий ёрдам бериш) ижобий ҳал этилган бўлиб, 3 886 тасига (15,2 фоиз) тегишли тушунтириш берилган ва 939 таси (3,7 фоиз) ваколатли идораларга юборилган.
Мурожаатларни кўриб чиқиш бўйича ўтказилган ўрганишларда 83 960 нафар истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилганлиги ҳамда уларга 17,8 млрд сўмдан ортиқ миқдорида зарар етказилганлиги аниқланган.
Аниқланган маблағларнинг 15,9 млрд сўми (89,3 фоиз) истеъмолчиларга қайта ҳисоб-китоб қилиниб, қолган 1,9 млрд сўм маблағларни уларга қайтариш чоралари кўрилмоқда. Хусусан, савдо ва умумий овқатланиш соҳасида ҳуқуқлари бузилган истеъмолчиларга 5,3 млрд сўм миқдорида маблағлар нақд пул кўринишида қайта ҳисоб-китоб қилиниши, шунингдек 466 нафар истеъмолчига 2,0 млрд сўм миқдоридаги товарлар қайтариб берилиши таъминланган.
Тадбир доирасида 2022 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик вакилларига матбуот анжумани давомида маълумот бериб ўтилди.
УШБУ ТАДБИРДА ЖАМОАТЧИЛИК КЕНГАШИ АЪЗОЛАРИ ИШТИРОК ЭТИШДИ