Рақобат қўмитасининг Сирдарё вилояти ҳудудий бошқармаси томонидан ташқи реклама воситасини ноқонуний ўрнатиш, рекламаларни қонунчилик талабларига мувофиқлаштириш мақсадида жойларда тизимли равишда ўрганиш ва мониторинг тадбирлари ўтказилмоқда.
Жумладан, Сирдарё туманида фаолият олиб борувчи “AVESTA KOMFORT EKO-GAZ” МЧЖга қарашли АГТКШ томонидан автомобиль йўлининг қатнов қисмига яқин йўлакка паспортлаштирилмаган ноқонуний ташқи реклама конструкцияси ўрнатилганлиги аниқланди.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 428-сонли қарорига асосан ташқи реклама ва ахборот объектларини (конструкцияларини) жойлаштириш учун Ягона интерактив давлат хизматлари портали ахборот тизими орқали реклама жойининг паспорти расмийлаштирилиши белгиланган.
Мазкур аниқланган ҳолат юзасидан бошқарма томонидан МЧЖга огоҳлантиришлар берилганига қарамай ташқи реклама воситаси билан боғлиқ камчиликлар бартараф этилмаган.
Юқоридагиларга кўра, Қўмита ҳудудий бошқармасининг Махсус комиссияси томонидан “AVESTA KOMFORT EKO-GAZ” МЧЖга нисбатан белгиланган тартибда иш қўзғатилиб, натижаси юзасидан молиявий жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинди. Шунингдек, қонунбузилиш ҳолатини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик бўйича кўрсатма берилди.