Жорий йилнинг 7 май куни, Эдинбург шаҳрида ўтказилаётган Халқаро рақобат масалалари бўйича тармоқ (ICN)нинг 24-йиллик анжумани доирасида Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси раиси Франциянинг рақобат органи — “Autorité de la concurrence” раҳбари билан икки томонлама учрашув ўтказди.
Мазкур учрашувда томонлар рақамли платформаларни тартибга солиш соҳасида ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар. Хусусан, рақамли секторда текширув ишларини ўтказиш бўйича тажриба алмашиш, Франция органи томонидан амалга оширилган сўнгги муваффақиятли ишлар ва топшириқларни бажариш тартибларига алоҳида эътибор қаратилди.
Музокаралар якунида рақобат соҳасида миллий қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда қўшма текширув ишларини амалга ошириш мақсадида Франция мутахассисларини Ўзбекистонга юбориш имкониятини кўзда тутувчи тажриба алмашинувини йўлга қўйиш бўйича дастлабки келишувга эришилди.