Ижтимоий тармоқ орқали “Авиатор мажмуасидан 10 минг долларга хонадон харид қилиш мумкин...” мавзуида реклама қилинган материал юзасидан мурожаат қолдирилган.
Ўзбекистон Республикаси Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси фуқаро Аброр Зоҳидовнинг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида жойлаштирилган турар-жой мажмуаси рекламасига оид эътирози юзасидан қуйидагиларни маълум қилади.
Хусусан, фуқаро Аброр Зоҳидов ижтимоий тармоқдаги саҳифасида қўшиқчи Ёрқинхўжа Умаров томонидан “Aviator” turar-joy мажмуасида жойлашган хонадонларни 10 минг АҚШ доллари эвазига харид қилиш мумкинлиги ҳақида реклама берилганлиги, кейинчалик турар-жой мажмуаси колл-маркази билан боғланганда, 10 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ турар-жой мажмуасидан хонадон харид қилиш учун бошланғич тўлов эканлиги маълум қилинганлиги билдириб, рекламада ёлғон ва чалғитувчи ахборот берилганлиги юзасидан тегишли чоралар кўриш сўралган (https://www.facebook.com/@abror.zohidov.5/).
Қўмита томонидан ўтказилган ўрганишлар давомида “DYNAMIC CORP” МЧЖ томонидан қўшиқчи Ёрқинхўжа Умаров иштирокидаги реклама ролиги ижтимоий тармоқлардан олиб ташланган.
Шу билан бирга, “DYNAMIC CORP” МЧЖга рекламани тайёрлаш, жойлаштириш ва тарқатиш талаблари тўғрисида тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.