Рақобат қўмитаси томонидан 2026 йилнинг ўтган 9 ойи давомида товар, молия ва рақамли бозорларида ўтказилган таҳлиллар
Қўмита томонидан корхоналарнинг товар ва хизматлар бозоридаги мавқеини баҳолаш, устун мавқега эга субъектларни аниқлаш, шунингдек, рақобат муҳити шаклланган бозорларда бундай мавқени қайта кўриб чиқиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Хусусан, «Рақобат тўғрисида»ги Қонун ва тегишли норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларидан келиб чиқиб, хўжалик юритувчи субъектларнинг устун мавқеини эътироф этиш ёки бекор қилиш масалалари юзасидан:
23 та бозорда рақобат муҳити ҳолати;
40 та товар ва иш хизматларнинг бозорларда муқобиллари мавжуд ёки мавжуд эмаслиги бўйича;
95 та маҳсулот билан тўйинганлиги юзасидан жами 158 та товар ва хизматлар бозорида экспресс-таҳлиллар ўтказилди.
Таҳлил натижаларига кўра, 3 та корхона устун мавқега эга деб эътироф этилди, шунингдек 5 та корхона устун мавқеини йўқотган деб эътироф этилди.
Мисол учун Виза хизматларини кўрсатиш бўйича «VFS Global Services UBKN» ва «Vizametric» МЧЖлари устун мавқега, «TLS Contact» МЧЖ эса устун музокара кучига эга деб эътироф этилди.
Бундан ташқари, “OLX Classifieds” МЧЖ хорижий корхонаси эса рақамли платформа сифатида (“OLX” савдо белгиси остида) онлайн реклама (эълон) жойлаштириш хизмати бўйича рақамли платформа сифатида устун мавқега эга деб эътироф этилди.
Шунингдек, «Самарқанд автомобиль заводи» МЧЖ ХК автобус ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича ҳамда «3-сон автокомбинат» МЧЖ унни қадоқланмаган тарзда ташиш бўйича корхоналар устун мавқеини йўқотган деб эътироф этилди.
Маълумот учун, бугунги кунда товар ёки молия бозорида устун мавқеи эътироф этилган 127 та хўжалик юритувчи субъектлар мавжуд. (Ушбу рўйхат билан Қўмитанинг веб-сайтида танишишингиз мумкин.)
Қўмита томонидан ички бозорнинг мамлакатимизда ишлаб чиқарилган товарлар билан тўйинганлигини аниқлаш мақсадида 97 та ўрганишлар ўтказилди.
Жумладан, мебел фурнитуралари, синтетик полимер ва толалар, сув ва ҳавони тозалаш фильтрлари, фаоллаштирилган кўмир, электр трансформаторлари қуруқ қоришмалар учун кимёвий моддалар ва бошқа маҳсулотлар билан тўйинганлик даражаси пастлиги маълум бўлди.
Қўмита томонидан муқобиллари бўлмаган ва техник жиҳатдан мураккаб товарларни етказиб берувчилар бозорида 20 дан ортиқ тармоқларда декларация хизматлари, космик мониторинг, авиация кимё ишлари, темир йўл эҳтиёт қисмлари, қурилиш техник назорати ва бошқа соҳаларда мавжуд бўлган 40 та товар ва иш хизматларнинг бозорларда муқобиллари мавжуд ёки мавжуд эмаслиги юзасидан таҳлиллар ўтказилди.
Шундан 17 та бозорда рақобат ривожланмаганлиги сабабли хўжалик юритувчи субъектларни Ягона етказиб берувчилар реестрига киритиш мақсадга мувофиқ эмаслиги ва 23 та бозорда рақобат мавжуд эмаслиги муносабати билан мазкур реестрга киритиш мақсадга мувофиқлиги юзасидан хулосалар тақдим этилди.
Рақобат қўмитаси томонидан муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев белгилаб берган устувор вазифалар ва иқтисодий ислоҳотлар доирасида иқтисодиётда соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда уни ривожлантириш борасидаги ишлар тизимли равишда давом эттирилмоқда.








