Рақобат қўмитаси давлат харидларида рақобат қонунчилигига риоя этилишини ўрганмоқда
Рақобат қўмитаси туман (шаҳар) ҳокимликлари ва улар ҳузуридаги ободонлаштириш бошқармалари томонидан 2025 йилда ҳамда 2026 йилнинг ўтган даврида амалга оширилган давлат харидларида “Рақобат тўғрисида”ги Қонун талабларига риоя этилиши юзасидан ўрганишлар ўтказмоқда.
Ўрганиш давомида қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратилмоқда:
барча иштирокчилар учун тенг имкониятлар яратилганлиги;
айрим иштирокчиларга имтиёзли шарт-шароитлар берилмаганлиги;
иштирокчилар савдолардан асоссиз четлатилмаганлиги;
харид ҳужжатларида муайян иштирокчига “мослаштирилган” техник талаблар белгиланмаганлиги;
харидларни сунъий бўлиб ташлаш орқали танлов ўтказишдан қочиш ҳолатлари йўқлиги.
Аниқланган қонунбузилишлар юзасидан белгиланган тартибда иш қўзғатилади, бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилади, зарур ҳолларда эса савдолар натижаларини бекор қилиш чоралари кўрилади.
Давлат харидларида соғлом рақобатни таъминлаш бюджет маблағларининг самарали ва шаффоф сарфланишига, тадбиркорлар учун эса адолатли шароит яратилишига хизмат қилади.








