Қорақалпоғистон Республикаси Рақобат қўмитаси томонидан 2024-йил 1-чораги давомида махсус ахборот порталидаги маълумотларга асосан давлат буюртмачилари томонидан амалга оширилган харидларда қонун талабларига риоя қилинганлиги юзасидан ўрганиш ишлари олиб борилди.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Олий таълим фан ва инновация вазирлиги тизимидаги ташкилотлари томонидан ўтказилган танлов савдолари бўйича ўрганишлар ўтказилганда жами 21 та ҳолатда умумий қиймати 15 074 300.0 минг сўмлик бўлган тегишли платформалар орқали амалга оширилган давлат харидлари ўрганилди.
Жумладан, давлат харидлари танловларининг баъзиларида иштирокчиларга қўйилаётган малака талабларини баҳолаш мезонлари ишлаб чиқилмаганлиги, айримларида ишлаб чиқилган мезонларда қандай ҳолатда юқори ёки паст балл қўйиш бўйича аниқ тартиб белгиланмаганлиги натижасида харид комиссияси аъзолари томонидан иштирокчиларга асослантирилмаган баҳолар қўйилган ва харид ҳужжатларига мувофиқ таклифларни баҳолаш талаблари бузилишига йўл қўйилганлиги ҳолатлари аниқланди.
Мисол учун,
– Олий таълим муассасалари томонидан 16 та ҳолатда ўтказилган танловларда жами 14 029 500.0 минг сўмлик;
– Касиб ҳунар мактабларида 3 та ҳолатда ўтказилган танловларда жами 685 000.0 минг сўмлик;
– Академик лицейларда 2 та ўтказилган танловларда 359 800.0 минг сўмлик ўтказилган танловлар ўрганиб чиқилган.
Ушбу ўрганишлар давомида, Ўзбекистон Республикаси “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонуннинг 20, 46 моддалари талаблари бузилганлиги аниқланди.
Ўрганиш натижалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Рақобат қўмитаси томонидан бегиланган тартибда иш қўзғатилиб, бажарилиши мажбурий бўлган кўрсатмалар берилиб тегишлича чоралар кўрилди.