Амалиётни кўрсатишича, охирги бир неча йиллар мобайнида юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларни биржалар орқали сотишни йўлга қўйилиши ижобий натижаларни юзага келтирмоқда, яъни барча тоифадаги истеъмолчилар ва тадбиркорларни биржа савдоларида иштирок этишини таъминланиши, товарларни сотиш механизмларини шаффофлиги ва реал бозор нархларини шаклланганлиги шулар жумласидандир.
Жорий йилнинг 8 октябр куни Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан яна битта қарор имзоланди. Ушбу қарор Ўзбекистонда бозор механизмларини янада либераллаштириш ва шу орқали тадбиркорлик субъектларига фаолият соҳаларини янада кенгайтириш имкониятини назарда тутади.
Қарорни қабул қилиш зарурияти
Республика иқтисодиётини босқичма-босқич мустаҳкамлаш назарда тутилган мазкур қарор Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси ташаббуси билан ишлаб чиқилди. Қарорда ечим талаб қилинадиган асосий масалалар сифатида қуйидагилар келтирилган:
– экспортга йўналтирилган маҳсулотга бўлган юқори талаб ҳисобига республикага келадиган қўшимча пул оқими;
– юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларни сотиб олиш учун қулайликлар яратиш орқали тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш;
– республика шакар бозорида рақобат муҳитини ривожлантириш;
– ун сотиш ва ундан тайерланадиган маҳсулотлар соҳасида фаолият кўрсатаётган тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш;
– ёғ-мой тармоғи соҳасида рақобатни ривожлантириш;
– товар-хомашё биржаларига ҳам биржадан ташқари бозорларда импорт контрактларини тузиш бўйича берилган шарт-шароитларни яратиш;
– биржа савдоларига қўйилган юқори ликвидли ва монопол маҳсулотлар ҳажмлари тўғрисидаги маълумотлардан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтириш.
Олдинга қўйилган вазифалар ечими
Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорида 50 фоиздан ортиқ давлат улушига эга бўлган корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган экспортга йўналтирилган маҳсулотларни қисман биржа савдолари орқали сотиш назарда тутилган тартиб белгиланган. Бу билан, биржа савдоларига бўлган талабни ошиши маҳсулотни нархини ошишига ва шу билан республика кириб келаётган валюта оқимини кўпайишига имконият яратади.
Бундан ташқари, қарорда бозор қоидалари асосида фақат биржа савдолари орқали сотиладиган маҳсулотлар рўйхатини 11 та юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларга кўпайтириш ҳам кўзда тутилган.
Рўйхатга шунингдек, техника ёғлари, печ ёқилғиси, ёқиладиган мазут, суюлтирилган газ, нефт эритгичи, нефт битуми, буғдой уни, омуҳта-ем, хўжалик совуни ва мис купороси киритилган.
Очиқ биржа савдолари орқали сотиладиган шакарнинг ҳажмини ишлаб чиқарилган шакарнинг 90 фоизигача биржа савдоларига қўйилиши, ушбу соҳада ўз фаолиятини бошлаш арафасида турган тадбиркорларга кенг имкониятларни беради шунингдек мазкур бозорда рақобатни ривожлантириш учун туртки бўлиб, бевосита тузиладиган шартномаларга қандайдир преференциялар, яъни енгилликлар бериш имкониятларини пасайтиради.
Худди шакарга ўхшаш, қарорда буғдой унини бевосита шартномалар тузиш орқали сотишдан биржа савдолари орқали сотишга ўтиш назарда тутилган бўлиб, унинг муддати Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.
Ёғ-мой маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасида рақобатни ривожлантириш мақсадида қарорда ишлаб чиқариш қувватларига эга бўлган корхоналарга техник уруғликлар ва ёғ экстракциясини синов партияларини сотиб олиш ҳуқуқини бериш назарда тутилган.
Товар-хомашё биржаси томонидан импорт қилинган маҳсулотни сотмоқчи бўлган сотувчи ва маҳсулотни сотиб олмоқчи бўлган харидорнинг хоҳишига кўра ўзи танлаган валютада операцияларни содир этилиши, ўз навбатида биржа савдолари жозибадорлигини оширади ва савдо иштирокчилари учун имкониятларни янада кенгайтиради.
Монополист-корхоналар ва давлат улуши 50 фоиздан ортиқ бўлган корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган юқори ликвидли ва монопол маҳсулотларни ички бозорда реализация қилиш жадвалларини биржаларнинг веб-сайтларига жойлаштирилиши, бозордаги рақобат шароитида тадбиркорларни ўзларига керакли бўлган маълумотларни тезкор олиши, ушбу маълумотлардан тўғри фойдаланиши, яъни нархларга қараб ўзларини харажатларини тўғри режалаштириш, келгусида ривожланиш стратегияларини белгилашлари ва бошқаларга имконият беради.
Ўз навбатида, Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан тадбиркорларнинг манфаатларини кўзлаган ҳолда, биржа савдоларига қўйиладиган юқори ликвидли ва монопол маҳсулотлар ҳажмлари устидан назорат амалга оширилади.
Нима учун биржа савдолари
Биржа савдолари ўзини фақат яхши томондан кўрсатган механизм бўлиб, у соғлом рақобат муҳитини яратиш учун барча тадбиркорлик субъектларига маълум қоидаларга асосан хизмат кўрсатади.
Биржа савдоларининг қулайлиги республика миқёсида ҳамда унинг ташқарисида товар-хомашё биржаларининг савдо майдончалари ва ривожланган инфратузилмаларга, бўлинмаларга эгалигида намоён бўлади.
Шунингдек, биржа савдоларидаги ошкоралик тадбиркорлик субъектлари учун аниқ ва тезкор ахборотлар муҳитини таъминлайди.
Тадбиркорлар учун кўзланган енгилликлар
2020 йилнинг 1 январидан эътиборан тадбиркорлик субъектлари:
– шакарни биржа савдоларида эркин сотиб ола бошлайдилар, аввал шакарнинг маълум қисми бевосита шартномалар орқали сотиларди;
– буғдой унини очиқ биржа саволари орқали сотиб олиш;
– монополист-корхоналар ва давлат улуши 50 фоиздан кўп бўлган корхоналар томонидан ишлаб чиқариладиган маҳсулотни сотиб олиш, аввал бундай маҳсулотлар тўлиқ бўлмаган ҳажмларда биржа савдолари орқали сотилган;
– биржа савдолари орқали экспортга йўналтирилган маҳсулотларни сотиб олиш ва импорт маҳсулотларни сотиш мақсадида хорижий ҳамкорларни жалб қилиш.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси матбуот хизмати