Ўзбекистон Республикаси Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан тадбиркорларнинг табиий монополия субъектлари хизматлари юзасидан қилган мурожаатлари доимий равишда ўрганиб борилмоқда.
Хусусан, Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган “O`zmetallsavdo” АЖнинг мурожаати, Қўмитага келиб тушаётган мурожаатлардан бири ҳисобланади. “O`zmetallsavdo” АЖ Қўмитага мурожаат қилиб, “Тошкент минтақавий темир йўл узели” УК томонидан хусусий темир йўл тармоқларида вагонларнинг туриб қолганлиги учун қўшимча тўлов ундирилишидан норози бўлиб, мазкур масалада амалий ёрдам сўраган.
Айтиб ўтиш жоиз-ки, темир йўл транспорти хизматларидан фойдаланиш чоғида темир йўл транспорти корхоналари билан юк жўнатувчилар, юкни олувчилар, йўловчилар, бошқа юридик ва жисмоний шахслар ўртасидаги муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 23 октябрдаги 232-сонли қарори билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси Темир йўл уставига мувофиқ тартибга солинади.
Хусусан, мазкур Темир йўл уставининг 132-бандига мувофиқ, юкни ортиш, тушириш ёки қайта юклаш учун етказиб берилган вагонларнинг белгиланган муддатлардан ортиқча кечиктирганлик учун юк жўнатувчи ёки юкни олувчидан жарималар ундирилиши белгиланган.
Шунингдек, ушбу Уставнинг 43-бандида темир йўл транспорти корхонаси, юклар, йўловчилар, багаж ва юк багажини ташиш билан боғлиқ қўшимча ишлар ва хизматлар миқдорлари учун шартнома асосида ҳақ олиш ҳуқуқига эга ҳисобланади.
Шулардан келиб чиқиб, “Тошкент минтақавий темир йўл узели” УК
ва “O`zmetallsavdo” АЖ ўртасида темир йўл шахобча йўлларидан фойдаланиш бўйича шартнома имзоланган бўлиб, унга кўра агар юкни олувчи ва юк жўнатувчи темир йўл шахобчаси мулкдори ҳисобланса, унга нисбатан вагонларнинг туриб қолганлиги учун қўшимча тўлов ундирилмаслиги кўзда тутилган.
Ўрганиш жараёнида, бошқа тадбиркорлар ҳам ўз юкларини темир йўл вагонлари орқали олишда “O`zmetallsavdo” АЖнинг темир йўл шахобчасидан фойдаланиши, ва бунда вагонларнинг туриб қолиши айнан бошқа тадбиркорларга юкларни етказиб беришда вужудга келиши маълум бўлди.
Энг қизиғи, “O`zmetallsavdo” АЖ ва унинг темир йўл шахобчасидан фойдаланаётган бошқа тадбиркорлар умумий таъсисчиларга эга эканлиги маълум бўлди.
Бу эса албатта вагонларнинг туриб қолиши учун тўловларни ундирилмаслиги лозимлигини билдиради.
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ билан биргаликда олиб борилган ишлар натижасида, томонлар ўртасида тузилган шартномага ўзгартириш киритилиши ҳамда вагонларнинг ҳусусий темир йўл тармоқларида туриб қолганлиги учун умумий таъсисчиларга эга бўлган “O`zmetallsavdo” АЖ ва бошқа тадбиркорлардан қўшимча тўлов ундирилмаслигига эришилди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати