Маълумотларга кўра, Тошкент аэропортида кунига ўртача 65 рейс учун хизматни амалга ошираётган бўлса, ҳудудий аэропортларда эса кунига ўртача 2-2,5 рейсга хизмат кўрсатилмоқда.
Аэропортларнинг замонавий ихтисослашган ускуналар билан етарли даражада жиҳозланмаганлиги ва техник хизмат кўрсатиш даражасининг пастлиги парвозлар сонининг камайишига олиб келмоқда. Бу эса, ўз навбатида, аэропортларда кузатилаётган кам парвозлар оқибатидаги нархларнинг кўтарилишига олиб келади.
Яна бир ҳақиқат шундаки, маҳаллий аэропортларнинг асосий даромади авиакомпаниялар фаолиятидан келиб тушади.
Чет давлатларнинг иш тажрибаси бу ҳақида нима деёлади? Аеропортлар асосий даромадларини ҳаво йўловчиларига кўрсатилаётган хизматларидан олашади. Булар, Duty Free дўконлари, кафе, барлар, ресторан, банклар, дорихоналар, реклама, пуллик Wi-Fi, уяли алоқа хизматларига уланиш, автоуловларни ижарага олиш, ўйин автоматлар хизматлари ҳисобланади.
«Uzbekistan Airports» АЖ фаолиятига келадиган бўлсак, рақобат муҳитини сунъий чеклаш ҳолатлари ҳақида ҳам сўз юритишимиз мумкин.
Масалан, жорий йилнинг сентябрь ойида «Qanot Sharq» МЧЖ Ўзбек аеропортлари компания билан хизмат кўрсатиш шартномасини имзолашдан бош тортгани ҳақида Қўмитага ўз шикояти билан чиқди.
Ўрганишлар давомида «Uzbekistan Airports» АЖ вакиллари мазкур ҳолатни, резидент-авиакомпаниялар тарифлари тасдиқланмагани билан изоҳлашди.
Бироқ, тарифлар Молия вазирлиги томонидан 2012 йилда тасдиқланган, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» резидент-авиакомпаниясининг тарифлари 2015 йилда. Ўз ўрнида Қўмита ҳам компанияни ушбу ҳаракатлар “Табиий монополиялар” тўғрисидаги қонун ва “Рақобат тўғрисида”ги қонун талабларини бузганлиги тўғрисида огоҳлантирди. «Uzbekistan Airports» АЖ вакили бугун ушбу масала яқин кунларда қайта кўриб чиқилиши ва унинг натижалари Монополияга қарши курашиш қўмитасига тақдим этилишига ишонтирди.
Шунингдек тадбирда, «Uzbekistan Airways» АЖ фаолияти ҳам кўриб чиқилди. Сенат ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси вакилларининг сўзларига кўра, компания ишларида рақобатни чеклайдиган ҳолатлар ҳам мавжуд.
Президентнинг 2020 йил 2 мартдаги 5953-сонли қарори билан тасдиқланган «2017 — 2021 йилларда ўзбекистон республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегиясини «илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида»ги давлат дастурига мувофиқ, илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йилида камида 5 та фуқаролик авиацияси бўлинмалари ташкил этилиши лозим.
Аммо, шу кунга қадар, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 20 январдаги 35-сонли қарорига биноан, фақат «Ҳумо Эйр» МЧЖ ички рейсларни амалга ошириш учун яратилган. Бироқ унинг ҳам фаолияти тўлиқ йўлга қўйилмаган.
Энди яна бир бошқа ҳолатга эътибор қаратсак. “Тошкент-Красноярск-Тошкент” йўналиши бўйича парвозни амалга оширувчи Россиянинг Ўзбекистондаги «ИрАэро» авиакомпаниясининг вакили Қўмитага қиш мавсумида ушбу авиакомпания ўз самолётларининг учиш ёки қўниши учун махсус вақтлар ажратилиши бўйича саволлар билан мурожаат қилди. Албатта, муаммо ижобий ҳал қилинди.
Худди шу тарзда, Қўмита Туркиянинг «Atlas Global Airlines» авиакомпанияси билан Тошкент-Анталия-Тошкент йўналиши бўйича ва Мисрнинг «Nile Air» компанияси билан Тошкент-Миср-Тошкент йўналишидаги келишмовчиликларни кўриб чиқди. Натижада эса, икки мамлакат ўртасидаги чартер рейслар очиқ деб топилди.
Бундан ташқари, «Авиакомпания и Трэвел Менеджмент» МЧЖ (FlyDubaiнинг Ўзбекистондаги вакили) ва SILKJET резидент-авиакомпанияси ушбу соҳадаги мавжуд муаммо ва таклифларни ўрганиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг Транспорт вазирлигига ўз таклифларини тақдим етдилар.
Соҳадаги муаммолар, яъни истеъмолчилар билан бўлган муносабатлар ҳақида сўз кетар экан, одамлар муаммоларининг эътиборсиз қолдирилаётгани ҳам алоҳида таъкидланди. Йил бошидан буён Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлигига фуқаролардан бекор қилинган рейслар учун пулларининг қайтарилмаётканлиги ҳақида 100 дан ортиқ шикоятлар келиб тушди. Бугунги кунга келиб уларнинг 20 дан ортиғи ижобий ҳал қилинишига муваффақ бўлинди.
Юқорида қайд қилинган барча муаммолар ҳисобга олиниб, акциядорлик жамиятларига ўз фаолиятларида рақобат ва истеъмолчилар ҳуқуқларини чеклайдиган мавжуд камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсиялар берилди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати