“Баядера Менеджмент Лимитед” компаниясининг Ўзбекистон Республикасидаги вакили Л.Хидированинг 10.12.2019 йилдаги мурожаати келиб тушди.
“Баядера Менеджмент Лимитед” компаниясининг товар ва хизмат кўрсатиш белгиси “ВОЗДУХ”, “ПЬЕШЬ КАК ДЫШЕШЬ”га Интеллектуал мулк агентлиги томонидан МГУ-29436, 29437 ва 29438-сонли гувоҳномалар берилганлиги, бироқ ҳозирги вақтда ушбу товар белгиси билан адаштириб юбориш даражасида ўхшаш бўлган “ВОЗДУХ”, “ПЬЕШЬ КАК ДЫШЕШЬ” товар белгисидан Тошкент вилояти Зангиота тумани, Ўзгариш КФЙ, Белариқ кўчаси, 50-уйда жойлашган “Hamkor Osiyo” МЧЖ томонидан фойдаланиб келинаётганлиги кўрсатиб ўтилган.
Интеллектуал мулк агентлигининг 24.12.2019 йилдаги 03-10/2572-сонли хатига асосан “ВОЗДУХ”, “ПЬЕШЬ КАК ДЫШЕШЬ”, “ВОЗДУХ ПЬЕШЬ КАК ДЫШЕШЬ” сўзли ҳамда жамлама (MGU 29436, 29437, 29438) товар белгиларига бўлган ҳуқуқни “Баядера Менеджмент Лимитед” компаниясига ўтказилганлиги (06.12.2017й. SMG 353/2017), шунингдек, ушбу товар белгидан фойдаланиш учун юридик ва жисмоний шахслар билан лицензия шартномаси тузилганлиги тўғрисида маълумот йўқлиги билдирилган.
“Hamkor Osiyo” МЧЖ томонидан “ВОЗДУХ”, “ПЬЕШЬ КАК ДЫШЕШЬ” товар белгиси остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулот номи “Баядера Менеджмент Лимитед” компаниясининг товар ва хизмат кўрсатиш белгиси “ВОЗДУХ”, “ПЬЕШЬ КАК ДЫШЕШЬ” маҳсулоти номи билан айнан бир хил эканлиги маълум бўлди.
Юқорида қайд этилганларни ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 12 октябрдаги №225-сонли қарори билан тасдиқланган “Рақобат, табиий монополиялар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун иш қўзғатиш ва уларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида низом”нинг 11-бандига мувофиқ, “Hamkor Osiyo” МЧЖ томонидан Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонуннинг 13-моддаси, биринчи қисмини учинчи хатбошилари бузилиши бўйича иш қўзғатилиб, “Hamkor Osiyo” МЧЖ томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулотни товар ва хизмат кўрсатиш белгиси “Баядера Менеджмент Лимитед” компаниясининг “ВОЗДУХ”, “ПЬЕШЬ КАК ДЫШЕШЬ” маҳсулоти номи билан ўхшаш бўлган товар белгисидан фойланганлиги учун Қонунбузилишни тўхтатиш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик тўғрисида кўрсатма берилди.
Бундан ташқари, ҳудди шундай холат юзасидан “Mars Incorporated” компаниясининг вакили Д.Ариповнинг 2019 йил 17 октябрдаги 00432-сонли мурожаати ҳудудий бошқарма томонидан кўриб чиқилди.
“Mars incorporated” компаниясига товар ва хизмат кўрсатиш белгиси “SNICKERS”га гувоҳнома берилганлиги, бироқ ҳозирги вақтда ушбу товар белгиси билан адаштириб юбориш даражасида ўхшаш бўлган “СHOCKISS” товар белгисидан “Sokina Plus” МЧЖ томонидан ноқонуний фойдаланилаётганлиги, мазкур корхонага нисбатан бошқарма томонидан 15.11.2018 йилда 09/06-сонли кўрсатма берилганлиги, “Sokina Plus” МЧЖ ўз навбатида 14.12.2018 йилда кўрсатмани бажарганлиги, яъни “СHOCKISS” товар белгиси остида товар ишлаб чиқаришни тўхтатганлиги ва корхона омборида маҳсулот ва ҳом-ашё йўқ қилинганлиги тўғрисида ёзма маълумот берганлиги, бироқ хозирги кунда ушбу маҳсулот 2019 йил 18 сентябрь ишлаб чиқариш санаси билан бозорларда сотилаётганлиги ҳақида маълум қилиниб, “Sokina Plus” МЧЖга нисбатан қонуний чора кўриш сўралган.
Мазкур ҳолат ўрганиб чиқилиб, “СHOCKISS” номли шоколад маҳсулоти этикеткаси кўздан кечирилганда, ушбу маҳсулот ҳақиқатдан ҳам “Sokina Plus” МЧЖ томонидан 2019 йил 18 сентябрь куни ишлаб чиқарилганлиги маълум бўлди.
Бошқарма томонидан Ўзбекистон Республикаси “Рақобат тўғрисида”ги Қонунининг 13-моддаси биринчи қисми учинчи хатбошиси талабларининг бузилиш ҳолатларини тўхтатиш ва келгусида йўл қўймаслик тўғрисида “Sokina Plus” МЧЖга нисбатан кўрсатма берилишига қарамасдан қонунбузилиш ҳолати давом эттириб келинмоқда.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, махсус комисссия томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 12 октябрдаги №225-сонли қарори билан тасдиқланган “Рақобат, табиий монополиялар, истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун иш қўзғатиш ва уларни кўриб чиқиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 22-бандига мувофиқ, “Sokina Plus” МЧЖга иш қўзғатилиб, бир ой муддатда “Рақобат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуннинг 13-моддаси, биринчи қисми, учинчи хатбошиси талаблари бузилиш ҳолатларини бартараф этиш ҳамда келгусида йўл қўймаслик юзасидан кўрсатма берилди ва ҳудудий бошқарманинг 2018 йил 15 ноябрдаги № 09/06-сонли кўрсатмаси талабларини бажармаганлиги учун маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги баённома Тошкент вилояти Зангиота тумани Маъмурий ишлар бўйича судига юборилди.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати